Август ойида Афғонистонда «Толибон» ўз ҳокимиятини ўрнатганидан бери ўтган бир неча ой мобайнида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазият тобора оғирлашиб бормоқда. Ҳалигача тинмаган тартибсизликлар, оммавий ишсизлик, очарчилик, муомаладаги нақд пул муаммосининг авж олиши, айрим ҳудудларда ҳукм сураётган қурғоқчилик мамлакат иқтисодиётини инқироз ёқасига олиб келиб қўйди.

Мамлакатдаги тартибсизликлар ва қурғоқчилик сабаб турли лагерларда — чодирларда яшашга маҳкум бўлаётган, қашшоқлик ва очарчиликдан азият чекаётган аҳоли орасида жон сақлаб қолиш илинжида вояга етмаган қизларини сотиш ҳолатлари сони ортиб бораётганлиги оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди.

CNN нашрининг ёзишича, Афғонистонда 15 ёшгача бўлган болаларни турмушга бериш бутун мамлакат бўйлаб қонунга хилоф бўлишига қарамай, вояга етмаганлар никоҳи кўп йиллар давомида, айниқса, қишлоқ жойларда кенг тарқалган.

Хусусан, мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Бодғис вилоятидаги кўчирилганлар лагерида бўлиб, вазиятни ўрганган CNN ва AFP нашрлари мухбирларининг тасдиқлашича, ота-оналар муҳтожлик ва чорасизликдан шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлаётганликларини қайд этишган.

Парвона, 9 ёшда: у ўқитувчи бўлишни орзу қиларди

Очликдан ўлмаслик учун 9 ёшли Парвонани ота-онаси 55 ёшли эркакка сотишга мажбур бўлди, деб ёзмоқда CNN. Қизалоқ 22 октябрь куни CNN телеканалига берган интервьюсида бу «оқ қошли ва қалин оқ соқолли қари одам» уни уйида ишлашга мажбур қилишидан ва калтаклашидан хавотирда эканини айтган.

Хабарда айтилишича, Парвонанинг оиласи тўрт йилдан буён лагерда яшайди. Оила кунига бир неча доллар ҳақ тўланадиган оддий ишлар ва инсонпарварлик ёрдами ҳисобига кун кечириб келган. Аммо Толибон ҳукумат тепасига келгач, тирикчилик янада оғирлашган.

Халқаро ёрдам тўхтагани ва мамлакат иқтисодиёти таназзулга учрагани сабабли, оиланинг озиқ-овқат каби бирламчи эҳтиёжларни сотиб олиш имконияти йўқ. Қизнинг отаси Абдул Малик бир неча ой олдин 12 ёшли катта қизини ҳам сотиб юборган.

Абдул Малик CNN билан суҳбатда, қизларини сотмаслик мақсадида иш излаш, қарз олиш каби уринишлари беҳуда кетганини, рафиқаси тиланчилик қилишга мажбур бўлганини айтган. «Оилада саккиз кишимиз. Оиланинг бошқа аъзолари тирик қолиши учун ҳам [қизимни — таҳр.] сотишим керак», — дея чорасизлигини бирдирган.

Парвонанинг айтишича, у ота-онаси фикрини ўзгартиришига умид қилган — у ўқитувчи бўлишни орзу қиларди, мактабни ташлашни истамасди.

«24 октябрь куни Парвонанинг харидори Қурбон унинг отасига қўй, ер ва нақд пул кўринишидаги 200 минг афғонини (тахминан 2200 доллар) топширди», — деб ёзади CNN.


Манба: CNN

Қайд этилишича, Қурбон буни никоҳ деб атамаган, унинг ўз оиласи, Парвонага ўз фарзандларидан биридек ғамхўрлик қиладиган хотини борлигини айтган.

Шунингдек, қизнинг отаси Абдул Маликнинг сўзларига кўра, Қурбон унга қиз учун пул тўлашини айтиб, «у билан нима қилишим [энди] сенинг ишинг эмас… бу менинг ишим», — деган.

Хабарда айтилишича, бу пуллар оилани бир неча ойгина таъминлаши мумкин. Ота оиланинг «молиявий аҳволи яхшиланмаса», яна бир қизини — эҳтимол 2 ёшли қизини сотишга тўғри келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Магул, 10 ёшда: «Агар мени [у билан] кетишга мажбур қилишса, ўзимни ўлдираман»

CNN`га кўра, Бодғисга қўшни Ғўр вилоятида яшовчи 10 ёшли Магулни ота-онаси 70 ёшли чолга қарзи эвазига бериб юбориш арафасида. Улар қўшни чолдан 200 минг афғони (2200 доллар атрофида) қарз олган, бироқ ишсиз ва жамғармаси йўқ бўлганлиги сабабли пулни қайтаришнинг имкони йўқ.

Хабарда айтилишича, харидор Магулнинг отаси Иброҳимни Толибон қамоқхонасига судраб олиб келган ва қарзини қайтара олмагани учун уни қаматиб юбориш билан таҳдид қилган. Иброҳим харидорга бир ой ичида тўлашни ваъда қилган. Аммо энди айтилган вақт тугади.

«Нима қилишни ҳам билмайман, — дейди Иброҳим CNN билан суҳбатда. — Қизларимни бермасам ҳам олиб кетади».

Чол Магулга ёмон муносабатда бўлмаслигини ва у шунчаки унинг уйида овқат пишириш ва тозалашда ёрдам беришини айтган. «Аммо унинг Магулнинг оиласига қилган дўқ-пўписалари олдида бунга ишониш қийин», — дейилади хабарда.

«Мен уни чиндан ҳам хоҳламайман, агар мени [у билан] кетишга мажбур қилишса, ўзимни ўлдираман. Ота-онамни ташлаб кетишни хоҳламайман», — дейди Магул.

Зайтон, 4 ёшда: «Нима учун бундай қилишганини биламан»

Қайд этилишича, Ғўр вилоятидаги 4 ва 9 ёшли икки қизини сотаётган тўққиз кишилик оилада ҳам худди шундай ҳолат. Ота кўчирилганлар лагеридаги кўпчилик қатори ишсиз, лекин у ногиронлик билан боғлиқ муаммолардан ҳам азият чекмоқда.

У қизларнинг ҳар бирини 100 минг афғонидан (тахминан 1100 доллар) сотишга тайёр. 4 ёшли Зайтон нима учун бундай қилишаётганини билишини айтган: «Чунки биз камбағалмиз ва ейишга овқатимиз йўқ».

«Бизнинг бошқа чорамиз йўқ», — дейди қизларнинг бувиси Рўхшона кўз ёш билан.

«Эрим қизларимизни бериб юбормасак, ҳаммамиз очликдан ўламиз, деб айтди»

AFP мухбирлари Ғарбий Бодғис вилоятининг пойтахти Қала-и-Навда жойлашган лагерда қизларини сотаётган ўнлаб ночор деҳқонлар билан суҳбатда бўлган. Бу ҳақда Daily Sabah нашри AFP`га таяниб хабар қилди.

«Эрим қизларимизни бериб юбормасак, ҳаммамиз очликдан ўламиз, деб айтди. Қизларимни пул эвазига бериб юборганим учун ўзимни ёмон ҳис қиляпман», — дейди Фаҳима.

Чорасиз қолган ота-она очдан ўлмаслик учун қизлари Фаришта (6 ёшда) ва Шукрияни (18 ойлик) сотишга мажбур бўлган. Қизларнинг каттаси 3350 доллар, кичиги эса 2800 долларга баҳолангани, пулни уларнинг янги оилаларига кетиш вақти келгунига қадар бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга келишилгани айтилган. Қизларнинг бўлажак эрлари ҳам ҳали вояга етмаган.

AFP`га кўра, бундай қизлар орасида 3 ёшли Закереҳ, 8−9 ёшлардаги Ашо, 9 ёшли Сиана, 6 ёшли Эди Гул, 12 ёшли Ҳабибе ҳам бор. Уларнинг барчаси оиласининг қарзи эвазига ўзларидан 5−10 баробар катта ёшдаги эркакларга унаштириб қўйилган.

«Биз аллақачон фавқулодда вазиятдамиз»

CNN`нинг ёзишича, Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери бу каби ҳолатлар сони ўсиб бормоқда.

БМТ ҳисоботига кўра, аҳолининг ярмидан кўпи очарчиликдан азият чекмоқда. Келгуси ойларда 5 ёшгача бўлган 3 миллиондан ортиқ бола тўйиб овқатланмасликнинг оғир ҳолатларига дучор бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда озиқ-овқат нархлари ошиб бормоқда, банкларда пул етишмаяпти ва ишчилар маоши тўланмаган.

БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (UNOCHA) маълумотларига таяниб хабар қилинишича, жорий йилда 677 мингга яқин одам урушлар туфайли уй-жойини тарк этган. Уларнинг аксарияти лагерларда чодир ва кулбаларда яшайди.

«Бизда бу фавқулодда вазиятни тўхтатиш учун бир неча ой ёки ҳафта вақт йўқ… биз аллақачон фавқулодда вазиятдамиз» — дея қайд этган Human Rights Watch`нинг аёллар ҳуқуқлари бўлими директори ўринбосари Хезер Барр.

CNN`га кўра, «Толибон» ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин қизларга мактаб таълими чекланиб, уйда қолиш буюрилгач, муаммо янада кескин тус олган. «Толибон» қизларнинг ҳам мактабга қайтишига рухсат бериш режаси устида ишлаётганини маълум қилган, аммо бу қачон содир бўлиши ёки қандай шартлар қўлланилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Мамлакатда қизлар келин бўлиб сотилгандан кейин эса уларнинг таълимни давом эттириши имконсиз.

БМТ маълумотларига кўра, контрацепция ёки репродуктив саломатлик хизматларидан фойдалана олмаган ҳолда, ҳар йили 15−19 ёшли афғон қизларининг қарийб 10 фоизи туғруқни бошдан кечиради. Шунингдек, кўпчилиги жинсий ҳаётга жисмонан ва биологик жиҳатдан ҳали тайёр бўлмаганлиги сабабли уларда туғруқ турли ёмон асоратлар билан кечади — 15−19 ёшли қизларнинг ҳомиладорлик билан боғлиқ ўлим даражаси 20−24 ёшли аёлларга нисбатан икки баравар кўпдир.

Халқаро молиялаштириш тўхтади

CNN хабарига кўра, Бодғисдаги маҳаллий «Толибон» етакчилари оилаларни қизларини сотишдан тўхтатиш учун озиқ-овқат тарқатмоқчи эканликларини, бордию шундан кейин ҳам улар ўз фарзандларини сотишда давом этса, уларни қамоққа ташлашларини маълум қилишган.

Хабарда айтилишича, «Толибон» ва мамлакатдаги инсонпарварлик гуруҳлари дунё ҳамжамиятининг инсонпарварлик ёрдамлари бундай эрта никоҳларнинг кўпайишига тўсқинлик қилиши мумкинлигига умид билдирмоқда.

«Толибон» ҳукумат тепасига келгач, мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган халқаро молиялаштириш маблағларининг кириб келиши тўхтаган.

CNN буни халқаро ҳамжамият мамлакатни молиявий қўллаб-қувватлаши «Толибон»ни Афғонистон етакчилари деб тан олганлигининг белгиси сифатида қабул қилинишини истамаётганлиги билан изоҳламоқда.

БМТ донорлари сентябрь ойида мамлакатга 1 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги гуманитар ёрдам ваъда қилган эди, шундан 606 миллион доллари афғонларнинг энг бирламчи эҳтиёжларини қондиради. UNOCHA вакилининг сўзларига кўра, ваъда қилинган маблағларнинг ярмидан камроғи қабул қилиб олинган, баъзи аъзо давлатлар эса ҳали зарур маблағни ажратмаган.

Толибоннинг Бодғис вилоятидаги муваққат губернатори Маулави Абдул Саттор AFP билан суҳбатда ҳолатга изоҳ берар экан, «Бу [эрта ёшдаги] никоҳлар иқтисодий муаммолар туфайли содир бўлмоқда, Ислом амирлиги ёки шариат томонидан жорий қилинган бирор қоида сабабли эмас», дея қайд этгани айтилмоқда.

Сентябрь бошида БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили ўринбосари ва инсонпарварлик масалалари бўйича координатор Рамиз Алакбаров Афғонистонда озиқ-овқат захиралари шу ойда тугаши мумкинлигини маълум қилган эди.

Октябрь ойида Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 40 вагонга яқин маҳсулотлари Термиздаги логистика маркази орқали етказилди. БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасининг 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами логистика марказида қабул қилиб олингани ва мамлакат ҳукуматининг уни олиб киришга рухсат бермагани сабабли ҳозирча Термиздан Афғонистонга етказилмаганлиги хабар қилинган эди.