Хўжа Порсо масжидининг тарихий биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 132- (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот химати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар берди.

Аввалроқ, Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Марғилондаги қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди (360 градусда эски ҳолати кўриниши) бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.

У Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганди. Маданий мерос агентлиги бино бир неча жойидан ёрилгани боис бузиб, янгидан қурилаётганини маълум қилган.

Кейинроқ Фарғона вилояти ҳокимлиги Хўжа Порсо жоме масжидини бузиб қайта қуриш учун масъул идоралар хулосаси олинганини маълум қилган эди. Маданий мерос агентлиги эса лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилганини қайд этган.