Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат») Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклади.

«Газета.uz»нинг аниқлик киритишича, «Ўзкомназорат» шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрини юритади. Унга Odnoklassniki, YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар киради.

«Ўзкомназорат» ижтимоий тармоқларга июнь ойида тақдимнома юборган ва уларнинг фаолиятини 2 июль куни чеклаган. Кейин инспекция 2 ноябрь куни тақдимнома юборган ва уларнинг фаолиятини 3 ноябрь куни чеклаган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида «Ўзкомназорат» Mail.ru Group (ВКонтакте), Twitter ва Tencent (WeChat) ижтимоий тармоқлари эгаларига «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27−1 моддасига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Яъни, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш керак эди.

Июль ойи аввалида TikTok, Twitter, Skype, «ВКонтакте»нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланган эди.

Кейинроқ ушбу платформалар қаторига Хитойнинг WeChat ижтимоий тармоғи ҳам қўшилганди.