Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги чоршанба куни кечқурун ўз сайтида бир қатор ижтимоий тармоқларга вақтинчалик кириш имкони бўлмаганига «Ўзбектелеком» компанияси жиҳозларидаги техник носозлик сабаб бўлганини хабар қилинди. Хабар кейинроқ ўчирилди.

Унда айтилишича, «Ўзбектелеком» (Ўзбекистондаги барча провайдерлари интернетга ушбу компаниянинг Халқаро пакетли коммутация маркази орқали кириш имконига эга) ускунасидаги носозлик телекоммуникация хизматлари сифатининг ёмонлашишига ва узилишларга, жумладан, Facebook, Instagram, «Одноклассники», LinkedIn, «Мой мир» ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва YouTube порталидан фойдаланиш имкониятининг чекланишига олиб келган.

«Ҳозирги вақтда техник жиҳозлар билан боғлиқ барча носозликлар бартараф этилган. [Ушбу сайтлар] фаолияти одатдагидек давом этмоқда», — дейилади хабарда. Вазирлик, шунингдек, муаммо туфайли юзага келган ноқулайликлар учун «барча фойдаланувчилар»дан узр сўради.

Чоршанба куни юқорида санаб ўтилган сайтларга киришда ҳақиқатан ҳам чекловлар кузатилди. Аммо бунга мазкур сайтларнинг «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси томонидан шахсий маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани сабаб бўлган эди.

Орадан уч соатдан камроқ вақт ўтиб, рўйхатдаги сайтлар сони яна қисқарди, ҳозирда уларда июль ойида рўйзатга киритилган Wechat, «ВКонтакте», Skype, TikTok ва Twitter мавжуд.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «„Ўзкомназорат“ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топгани» ҳақида хабар берди. Кейинроқ «Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев «нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун» эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши айтилди.

Telegram Uzbekistan каналида хабар қилинишича, Telegram мессенжерга киришга тўсиқ қўйилишига қарши жавоб чораларини кўрди ва тахминан 21:00 да сервис яна VPNсиз ишлай бошлади.