2006 йилдан 2020 йилгача дунё бўйлаб 1200 дан ортиқ журналист ўлдирилган, бу қотилликларнинг ҳар 10 тасидан деярли 9 таси судда очилмаган, дея хабар берди БМТ ахборот хизмати ЮНEСКОнинг ўлдирилган журналистлар бўйича обсерваторияси маълумотларига таяниб.

«Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолишга барҳам бериш барча фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишини таъминлашнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Журналистларга нисбатан зўравонликнинг бундай цикли кўпинча қонун устуворлиги ва суд тизими заифлашганидан далолат беради», — дейилади БМТ баёнотида.

«Қотиллик ОАВ цензурасининг энг оғир шакли бўлса-да, журналистлар ўғирлаб кетилиш, қийноқлар ва бошқа жисмоний ҳужумлардан тортиб таъқибга қадар, айниқса рақамли соҳада, сон-саноқсиз таҳдидларга ҳам дучор бўлишади. Журналистларга нисбатан зўравонлик ва ҳужумлар таҳдиди, хусусан, ОАВ ходимларида қўрқув муҳитини яратиб, барча фуқаролар учун ахборот, фикр ва ғояларнинг эркин тарқалишига тўсқинлик қилмоқда», дея қайд этди ташкилот.

Маълумотга кўра, журналист аёллар кўпроқ таҳдид ва ҳужумлардан азият чекишади, айниқса интернетда содир бўладиганларидан.

ЮНEСКОнинг журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонликнинг глобал тенденциялари бўйича сўровида қатнашган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз иши билан боғлиқ ҳолатларда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқибга учраганини айтган.

Қайд этилишича, кўп ҳолларда журналистларга қарши зўравонлик таҳдидлари ва ҳужумлар тўғри текширилмайди, бу эса кўпинча жиддийроқ тажовуз ва қотилликларга олиб келади. Бундан ташқари, журналистларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ барча таҳдидларни қатъий текширадиган суд-ҳуқуқ тизимлари жамият журналистларга ва барчанинг сўз эркинлиги ҳуқуқига қилинган ҳужумларга тоқат қилмаслиги ҳақида кучли сигнал беради.

«Шу муносабат билан журналистлар дуч келадиган зўравонлик ва ҳужумлар таҳдидларини яхшироқ тушуниш ОАВ ходимлари ва журналистларни ҳимоя қилиш сиёсати сифатини оширишга ёрдам беради. Бу масалани ҳал этишда журналистларни ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга», дея таъкидланади БМТ баёнотида.

2013 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 68-сессиясида 68/163-резолюцияни қабул қилди ва унда 2 ноябрни Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Резолюция аъзо давлатларни жазосизликка қарши кураш бўйича аниқ чоралар кўришга чақиради. Бу сана 2013 йил 2 ноябрда Малида ўлдирилган икки француз журналистини хотирлаш учун танланган.

Ушбу муҳим резолюция журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига қарши ҳар қандай ҳужум ва зўравонлик ҳаракатларини қоралайди. Бундан ташқари, резолюция аъзо давлатларни журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, журналистлар ва ОАВ ходимларига қарши жиноят содир этганларнинг жавобгарликка тортилиши ҳамда жабрланувчиларнинг тегишли ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун қўлларидан келганини қилишга чақиради. Резолюцияда, шунингдек, давлатлар журналистлар ўз фаолиятини мустақил ва ортиқча аралашувларсиз бажаришлари учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишда ёрдам беришга чақиради.