Россиялик ишбилармон ва меценат Алишер Усмоновга қарашли «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш бўйича лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

«Санъат, фан ва спорт» жамғармаси жаҳонга машҳур япон меъмори Тадао Андо муаллифлигидаги Ўзбекистон Давлат санъат музейининг янги биноси лойиҳасининг дизайн концепцияларини ишлаб чиқиш, князь Николай Романовнинг собиқ қароргоҳини ҳамда Тошкентдаги Замонавий санъат марказини реконструкция қилиш ва пойтахтдаги модернизм архитектурасини асраш бўйича «Модернизм 20/21» лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг қурилиши

Ўзбекистон Ҳукуматининг қарорига мувофиқ Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Давлат санъат музейи учун янги бино қуриш лойиҳасини амалга оширилмоқда.


Прицкер мукофоти лауреати Тадао Андо сифат ва хавфсизликни таъминлашнинг энг юқори халқаро стандартларини ўзида мужассам этган ҳамда мамлакатимимзнинг тарихий меросини сақлаб қолиш ва «Янги Ўзбекистоннинг янги маданий рамзи бўлишга қодир замонавий музей яратиш ғоясига асосланган» музей биносини лойиҳалаш концепциясини ишлаб чиқди.


Музейнинг дизайн концепцияси кутубхона, маъруза зали, кафе, парк, томдаги терраса, катта кўргазма майдони ва омборни ўз ичига олади.


Князь Николай Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш лойиҳаси

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажариш мақсадида 2019 йилдан бошлаб жамғарма томонидан князь Николай Константинович Романовнинг собиқ қароргоҳини реставрация қилиш ва уни кейинчалик Ўзбекистон Давлат санъат музейи филиали сифатида фаолият кўрсатиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда дастлабки реконструкция концепцияси ишлаб чиқилган. У асосий бино ва унинг қанотларининг тарихий мақсадига мувофиқ меъморий режаси, санъат асарлари кўргазмаси экспозицияси режаси, ландшафт дизайни, ҳамда мавжуд фаввораларни реставрация қилиш режасини ўз ичига олади.

Лойиҳанинг асосий урғуси жамоатчилик учун очиқ кўргазма майдонини яратишга қаратилади. Меҳмонлар нафақат музейга ташриф буюришлари, балки сарой боғи ҳудудида ҳам вақт ўтказишлари мумкин.

Архитектура лойиҳасини ишлаб чиқиш учун таниқли Atelier Brückner (Германия) компанияси жалб қилинди, ушбу компания муҳандислик ва архитектура ечимлари, кўргазма майдони дизайни, ҳамда қароргоҳ ландшафти дизайнини ишлаб чиқади.

Тошкентдаги замонавий санъат Марказини реконструкция қилиш лойиҳаси

Тошкентдаги замонавий санъат Маркази — бу Марказий Осиёда замонавий маданиятни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун янги макондир. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида жамғарма Studio KO (Франция) меъморий бюроси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Яқин келажакда замонавий санъатнинг янги Марказига айланадиган бино 1912 йилда барпо этилган. ХХ асрнинг бошларида бу ерда, шаҳарда биринчи трамвай тармоғи учун электр энергияси ишлаб чиқарадиган дизель электр станцияси бор эди. Айнан шу ердан Тошкент шаҳрини электрлаштириш бошланди. Энди эса айнан шу ердан замонавий Ўзбекистоннинг бадиий муҳитини янгилаш бошланади.


Режага кўра, таъмирлаш ишларидан сўнг, Замонавий санъат маркази қуйидагиларни ўз ичига олади: кўргазма майдони, ўзгарувчан аудитория, кинотеатр, китоб дўкони, кутубхона, мастер-классларни ўтказиш учун майдон, кафе — ресторан, архив, очиқ жамоат жойлари, ходимлар учун офислар, омборхона.

Шунингдек, Замонавий санъат марказини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида, Тошкент шаҳрининг тарихий туманларидаги маҳаллаларда ёш рассомлар ва ҳунармандлар учун бадиий турар-жойлар (арт-резиденциялар) очилиши режалаштирилган.

«Модернизм 20/21». Тошкентда модернизм меъморчилигини сақлаш, қайта тиклаш ва мослаштириш

Grace (Италия) меъморчилик бюроси билан ҳамкорликда жамғарма Тошкентда жойлашган XX аср модернизми объектларини асраш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқмоқда.

Лойиҳа Тошкентнинг туристик харитасига ўтган асрнинг 60−80 йилларида шаклланган яна бир муҳим меъморий қатламни баҳолаш, тиклаш ва киритиш методологиясини ишлаб чиқишга мўлжалланган.


«Тошкент шаҳрида нафақат маҳаллий мутахассислар томонидан, балки халқаро маданий ҳамжамият вакиллари томонидан ҳам ноёб деб топилган ушбу даврга оид архитектура объектлари мавжуддир», — дейилади хабарда.

«Мазкур лойиҳани амалга оширгандан сўнг Ўзбекистон пойтахтини биринчи „Модернизм пойтахти“ деб эълон қилишимиз мумкин. Амалий тадқиқотлар асосида муҳим тарихий қатламни сақлаб қолиш замонавий методологиясини ишлаб чиқиш орқали, ушбу лойиҳа, модернизм асрига тааллуқли бўлган Тошкент меъморий ёдгорликларига янги ҳаёт тақдим этиши ҳамда унинг жозибаси ва долзарблигини намоён этиши мумкин бўлади», — дея қайд этди жамғарма.

Лойиҳа мақсади — танланган объектларга ташқи жозибадорлик ва ёрқинликни тақдим этиш, пойтахт аҳолисини маданий ва ижтимоий йўналишларда ўсишини таъминлайдиган янги муҳитга эга бўладиган ушбу биноларни функционал жиҳатдан такомиллаштиришдир.

Ушбу меъморий ёдгорликларни сақлаб қолиш ва модернизация қилиш нафақат шаҳарни қулай, турли кўринишларга бой ва барқарор қилади, балки сайёҳлар учун ҳам жозибадорлигини оширади.