Тошкент шаҳридаги кўп қаватли ва хусусий уйларга «ақлли» газ ҳисоблагичларини ўрнатиш 2022 йил 31 январга қадар якунланиши режалаштирилган. Бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар кенгаши сессиясида Hududgaz Poytaxt газ таъминоти филиали директори Рустам Азимов маълум қилди, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Жами 616 799 дона замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилиган, улардан 438 512 донаси кўп қаватли хонадонларга, 178 287 донаси эса ерли хонадонларга мўлжалланган. Бунинг учун Hududgaz Poytaxt газ таъминоти филиали томонидан 182 та пайвандчилар гуруҳи жалб қилинган.

Март ойида «ақлли» газ ҳисоблагичларини ўрнатиш жорий йил охиригача якунланиши ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра шаҳарда 629 427 нафар чакана газ истеъмолчилари борлиги, шундан 448 073 таси кўп қаватли уйларда, 181 354 таси хусусий уйларда эканлиги ҳақида аниқлик киритилган.

Ҳисоблагичларни ўрнатиш аҳоли учун бепул. Ташкилот беш йиллик кафолатли хизматни кафолатлайди.

Президентнинг 2020 йил сентябрдаги қарори билан 2021 йил 1 августга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда газни мониторинг қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни якунлаш топширилган эди.

«Технопарк» МЧЖ танлов натижаларига кўра ҳисоблагич ва бошқа жиҳозлар етказиб берувчи сифатида танлаб олинган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган технопаркда 2020 йил бошидан буён Osten савдо белгиси остида «ақлли» газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда. «Газета.uz» маълумотларига кўра, лойиҳа 2021 йил июлигача 5,28 трлн сўмлик 3,54 млн дона электрон газ ҳисоблагичларини етказиб беришни кўзда тутади.

«Интеллектуал Мулк» ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, Artel Engineering ва Management и J-United Group компаниялари (ягона таъсисчи Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Жахонгир Ортиқхўжаев) Osten товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган.