Америка қолдириб кетган қурол-яроғ ва ҳарбий техника нафақат Афғонистон, балки бутун дунёга жуда катта муаммо туғдириши мумкин. Бу ҳақда Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори Дмитрий Шугаев РБК нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Аввалроқ, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Америка Афғонистонда 85 млрд долларлик қурол-яроғни ташлаб кетганини маълум қилганди.

Дмитрий Шугаев бу Россия хавфсизлиги нуқтаи назаридан нимани англатиши ва Тожикистонни тиш-тирноғигача қуроллантириш зарурияти ҳақида ўз фикрини билдирди.

«Бу ерда тўғридан-тўғри қарамлик йўқ. Биз биринчидан, „Толибон“ ва умуман Афғонистон билан жанг қилмоқчи эмасмиз. Америкаликлар ақлбовар қилмас маблағга тенг қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ташлаб кетгани — бу нафақат Афғонистон, балки бутун дунё учун жуда катта муаммога айланди», — деди у.

У Афғонистон ҳудудида турли хил халқаро террористик ташкилотлар фаолият юритаётганини таъкидлаган.

«Ушбу қурол уларнинг қўлларига тушиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас, агар аллақачон қўлида бўлмаса. Бу эса экстремистларни билвосита жуда сезиларли масштабда қуроллантириш демакдир. Бундан ташқари, қурол-яроғлар ноқонуний бозорга ҳам тушиб қолиши мумкин. Яъни, дунёнинг исталган нуқтасида пайдо бўлиб қолиши мумкин» — деди Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати раҳбари.

Унинг таъкидлашича, дунёни жуда «ёқимсиз сюрприз"лар ҳам кутаётгани эҳтимолдан ҳоли эмас. «Айниқса, Қўшма Штатлар у ерда ҳазилакам техникаларни қолдириб кетмаган», — деди Дмитрий Шугаев.

Аввалроқ, Дмитрий Шугаев Россия Ўзбекистонга қирувчи самолётлар ва зирҳли транспортлар етказиб берганини маълум қилгани ҳақида ёзгандик.