Сўх туманининг «Навобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган янги аэропорт дастлабки синов парвозини қабул қилди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Фарғона халқаро аэропортидан амалга оширилган синов Humo Air авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи ташиш самолётида амалга оширилди.

Маҳаллий вақт билан соат 12:30 да Фарғонадан ҳавога кўтарилган лайнер соат 13:10 да Сўх аэропортига қўнган. Жавоҳир Маърупов командирлигидаги экипаж томонидан амалга оширилган парвоз муваффақиятли якунланди, дейилади хабарда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Илк парвоз туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан кутиб олинган. Самолёт қайта Фарғонага парвоз қилди ва соат 14:07 да яна Фарғона халқаро аэропортига етиб келди.

Амалга оширилган парвоз ҳамда Сўх аэропортида яратилган техник шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди айтилмоқда.

Таъкидланишича, жадал суръатлар билан барпо этилган ушбу аэропорт майдони 7 гектар бўлиб, узунлиги 700 метрни ташкил этади.

Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан 6,8 млрд сўм маблағ ажратилиб, учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

16 октябрь Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сўх туманида қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропортни бориб кўрган эди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Фарғона вилоятининг Сўх туманида аэродром қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилган эди. 4,5 гектар ер майдонида қуриладиган аэродромнинг учиш ва қўниш майдончаси 650 метр узунликка эга бўлиши айтилган. Лойиҳа қиймати 12 млрд сўмга баҳоланганди.

Бундан ташқари, Ан-2 самолётлари, Humo AIR и Uzbekistan Helicopters компанияларининг Ми-8 вертолётларида парвозлар амалга оширилиши хабар қилинганди. Қолаверса, Қўқон шаҳридан ҳам рейсларни амалга ошириш кўзда тутилганди.