Москва расмийлари шаҳар қурилиш майдонларида чет эллик ишчилардан воз кечиш режасини ишлаб чиқади. Бу ҳақда Москва шаҳарсозлик сиёсати ва қурилиш бўйича вице-мэри Андрей Бочкарев РБКга берган интервьюсида маълум қилди.

Вице-мэрнинг сўзларига кўра, Россия пойтахтидаги қурилиш объектларида «икки-уч баравар кўпроқ» иш ҳақи билан «уч бараваргача кам» ишчини жалб этиш керак. Унинг фикрига кўра, бу объектларни икки баравар тезроқ қуришга имконият яратади. Бу объектни қуришда янги технологик ечимларга, шунингдек, жараённи механизациялашга ёрдам беради, деб тушунтиради Бочкарев. Масалан, деворларни гипслаш учун тўрт кишидан фойдаланиш ёки унинг ўрнига деворга эритмани суртадиган станцияни қўйиш мумкин, деди у.

«Ҳозир Москвада ишчилар ва муҳандислар етишмайди… Меҳнат ресурслари танқислиги 40 фоизга яқин. Пандемия туфайли меҳнат мигрантлари тарқаб кетишди: 120 мингдан атиги 40 мингтаси қолди, аммо қурилиш майдонларида Москва вилояти аҳолиси вакиллари кўпайди. Бундан ташқари, мигрантнинг ўртача маоши 30 минг рублдан 50−60 минг рублгача ўсди, лекин ҳозир кўпчилик 80 минг рублга ҳам ишлашни хоҳламайди, — дейди Москва мэри ўринбосари.

Капитал қурилиш лойиҳаларининг хорижий ишчи кучига боғлиқлигини камайтириш учун расмийлар махсус дастур яратишга тайёрланмоқда. «Мен қурилиш мажмуасидаги ҳамкасбларим ва пудратчилар олдига Москва шаҳридаги қурилиш объектларида хорижлик ишчи кучисиз ишлашимизга имкон берадиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйдим», — деди Бочкарев.

Ислоҳотнинг мазмун-моҳияти қурилиш объектларида ишчилар сонини қисқартириш, уларнинг малакасини ошириш, техник таъминот ва иш ҳақини бир неча баравар оширишдан иборат. Бочкарев ўз қурилиш майдончаларида мигрантларни ишлатмайдиган Финляндия ва Буюк Британия мамлакатларини мисол тариқасида келтирди ва ушбу давлатлардаги қурилиш объектларида ишчиларнинг ўртача иш ҳақи Россия валютасида 240−250 минг рублни ташкил қилишини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Россия пойтахтида ушбу форматга ўтиш учун тажрибалар ўтказилмоқда. «Масалан, қатор объектларда режа бўйича 450 киши ишлаши керак бўлса, пудратчи 170 та ишчи билан лойиҳани амалга оширяпти», — дейди у.

Бочкарев қурилиш соҳасидаги таълим сифатига ҳам эътибор қаратиб, Россияда ушбу соҳадаги асосий интизом саноат фуқаролик қурилиши фани бўйича ўқиш 90%га муҳандисликдан (ҳисоб-китоб, формула, конструкциялар ва бошқалар), 10−15%га қурилишни бошқариш усулларидан ташкил топганлигини таъкидлади. «Бизнинг ўқувчиларимиз, ўзим ҳам, асосан муҳандислар».

«Америкаликларда, немисларда, шведларда бу фанлар иккига бўлинган. Биттаси — муҳандислик. Иккинчиси — жараёнларни ташкиллаштиришни ўргатадиган construction management фани. Америкадаги қурилишга кирсангиз, ишчилар инструментлар осиб олган. Чунки улар пулларини самародорлиги учун олади. Бу кичкина нарсадек туюлиши мумкин, лекин бу орқали битта одам уч кишининг ўрнини босади. Биз шундай таълим дастурларини яратишимиз керак», — деди Москва мэри ўринбосари.