2021 йилнинг октябрь ойида инфляция 1,3% ни ташкил этди. Жорий йилнинг бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 7,3 фоизни, йиллик нисбатда эса 10,6 фоизни ташкил этди, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси.

Хабарга кўра, октябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,9 фоизга ошди. Ушбу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5 фоизга ошди.

Йиллик нисбатда, жорий йилнинг октябрида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 14 фоизга ошиб, учта асосий гуруҳлар орасида нархлар ошиши бўйича етакчи бўлди. 2020 йилнинг октябрь ойидан ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 8 фоизга, хизматлар — 8,4 фоизга ошган.

Умуман олганда, 2021 йилнинг дастлабки ўн ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлар ошиши бўйича етакчиликни ушлаб турибди (8,7%). Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ушбу даврда 6,1 фоизга, хизматлар еса 6,6 фоизга қимматлашган.

Октябрь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида (мева-сабзавотлардан ташқари) тухум (11,2%) ва товуқ гўшти (3,6−4,1%) сезиларли даражада ўсди. Шу билан бир қаторда, барча навдаги гуручлар ва гуруч оқшоғи ой давомида ўртача 0,2% га арзонлашди.

2020 йилнинг декабрь ойига нисбатан ўсимлик ёғи (1,3 баробар) ҳамон нархлар ошиши бўйича етакчи ўринни эгалламоқда. Тухум (-3,5%) ва гуруч, гуруч оқшоғи (-1,5%) нархларида пасайиш қайд этилди. Йиллик нисбатда инфляцион жараёнлар ўсимлик ёғлари (1,4 баробар) нархларининг ошишида яққол намоён бўлган бўлса, нархларнинг пасайиши тухум (-1,2%) ва гуруч (-1,0%) маҳсулотида қайд этилди.

Ой давомида мева-сабзавот маҳсулотларидан помидор (1,5 баробарга), карам (1,4 баробарга), бодринг ва булғор қалампири (1,3 баробарга) бошқаларга нисбатан сезиларли даражада қимматлашди. Ой давомида нархларнинг энг юқори пасайиши сабзи (-10,5%) маҳсулотида қайд этилди.

Нархлар ошиши бўйича йил бошидан ҳам, йиллик нисбатда ҳам сезиларли устунлик билан сабзи (йил бошидан 2,2 баробарга), 2020 йил октябрига нисбатан (2,1 баробарга) етакчилик қилди.

Нархларнинг энг юқори пасайиши ўтган йилнинг декабрига нисбатан булғор қалампири (3,2 баробарга) ва бодринг (3,1 баробарга) нархларида, 2020 йил октябрига нисбатан еса булғор қалампири (-13,5%) ва банан (-5,9%) нархларида қайд этилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида спиртли ичимликлар 1 фоизга, жумладан, спиртли ичимликлар ва ликёрлар 1,3 фоизга, вино 0,3 фоизга, пиво 0,1 фоизга қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари 0,7 фоизга қимматлашди.

2020 йилнинг декабрига нисбатан спиртли ичимликлар 8 фоизга, жумладан спиртли ичимликлар ва ликёрлар 9,2 фоизга, вино 5,9 фоизга, пиво 4,9 фоизга қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари йил бошидан 11,3 фоизга қимматлашди.

Йиллик нисбатда спиртли ичимликлар ўртача 10,4 фоизга, тамаки маҳсулотлари нархлари 13,1 фоизга ошди. 2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан спиртли ичимликлар ва ликёрлар 12,5 фоизга, вино 7,1 фоизга, пиво 5,5 фоизга қимматлашди.

2021 йилнинг октябрь ойида турар жой ижараси учун тўловлар ой давомида 1,5% га қимматлашди. Шу билан бирга, асосий турдаги коммунал хизматлар тарифлари ва нархлари ўтган ойдаги даражада ўзгаришсиз қолди.

Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар ой давомида 0,4 фоизга, слесарлар, сантехниклар, электриклар ва бўёқчилар хизматлари 1,1 фоизга қимматлашди. Йил бошидан турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда бунда ишлатиладиган материаллар мос равишда 7,5 фоиз ва 5 фоизга, (2020 йил октябрига нисбатан 12,6% ва 5,2%), турар жой ижараси учун тўлов 5,9 фоизга, совуқ сув ва канализация учун тўловлар 1,6 баробарга (1,9 баробарга), чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш учун тўлов 3,7 фоизга, кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш 1,8 фоизга (1,9%) қимматлашган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида кузатиладиган асосий товарлар ва хизматлардан 2021 йилнинг октябрь ойида стоматологлар хизматлари (1,8%) нархлар ошиши бўйича етакчи бўлди. 2020 йил декабрига нисбатан йил бошидан ҳамда йиллик нисбатда нархларнинг юқори даражада ошиши бўйича диагностика визуализацияси ва тиббий лабораториялар хизматлари (мос равишда 10,8% ва 14,1%) етакчи бўлди.

Мазкур бўлимда, ўтган ойдаги каби бензин ой давомида нархларнинг ошиши (ўртача 13,5%) бўйича етакчи бўлди. Бу охирги икки йил давомидаги энг юқори ўсиш суръати бўлди, дея қайд этди Давлат статистика қўмитаси. Пропан ой давомида республика бўйича ўртача 0,2% га қимматлашди.

Бензин ўтган йилнинг декабрига нисбатан (1,5 баробар) ҳамда йиллик нисбатда (1,6 баробар) ҳам нархлар ошиши бўйича етакчи ўринни эгаллади. Пропан эса, ушбу даврларда унча юқори бўлмаган даражада (йил бошидан 27,5%, 2020 йил октябрига нисбатан 29,0%) қимматлашди.

2021 йилнинг январь-октябрь ойларида нархлар ошиши бўйича етакчилик давлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматларига (13,2%), йиллик нисбатда эса — курсларда ўқиш учун тўловларга (14,6%) тегишли бўлди.

Кафе ва ошхоналардаги тайёр таомлар ой давомида 0,4−1,6% чегарасида қимматлашди. Отеллар, меҳмонхоналар ва шу каби меҳмонхоналар ҳамда дам олиш марказлари хизматлари қиймати ўтган ой даражасида қолди. Жорий йил январь-октябр ойларида, шунингдек, йиллик нисбатда ҳам нархлар ошиши бўйича етакчилик дам олиш марказлари хизматларига тегишли бўлиб, уларнинг нархлари мос равишда 18,2 фоиз ва 21 фоизга ошди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Марказий банк асосий ставкани йиллик 14% даражасида қолдирган эди. Ушбу қарор йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида қабул қилинган. Давлат статистика қўмитасининг октябрь ойидаги ҳисоботидан кўриниб турибдики, бу мақсад амалга ошмаслиги мумкин.

Марказий банк ўз маълумотларида қайд этишича, пандемиянинг давом этаётганлиги, глобал иқлим шароитларининг ноқулайлиги, ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги узилишлар жаҳонда аксарият озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини сезиларли даражада ўсишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, ички нархларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади.