ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан Деҳқонобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда 12 нафар шахс «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими тарафдори сифатида гумонланиб, қўлга олингани ҳақида ёзган эдик.

ДХХ матбуот хизмати уларнинг орасида маҳалла раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, якка тартибдаги тадбиркор қаторида масжид имом-ноиби ҳам борлигини маълум қилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар беришича, мутасадди идоралар билан олиб борилган мулоқотлар натижасида ушбу хабарда «гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлган».

Идора бугунги мураккаб даврда ҳушёрлик ва огоҳлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа эканини теран англаган имом-хатиблар, имом ноиблари ва диний соҳа ходимлари бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаган.

«Ўз навбатида, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланганини алоҳида таъкидлаймиз», — дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон халқини, айниқса ёшларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали дин ниқобидаги шахсларни жиҳод, ҳижрат тушунчаларини ўзларининг ботил даъволарига мослаб талқин этаётган даъватлардан огоҳ бўлишга чақириб қолган.