Грузияда 30-октябрь куни бўлиб ўтган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловнинг иккинчи босқичи натижалари эълон қилинди. МСК маълумотларига кўра, ҳукмрон «Грузинская мечта — демократическая Грузия» («Грузия орзуси — демократик Грузия») партиясидан мэрликка номзодлар 20 та шаҳардан 19 тасида ғалаба қозонган.

МСК маълумотларига кўра, Тбилисининг амалдаги мэри, «Милан» футбол клубининг собиқ ҳимоячиси Каха Каладзе 55,6 фоиз, унинг мухолифатдаги «Единое национальное движение» («Бирлашган миллий ҳаракат») партиясидаги рақиби Никанор Мелия эса 44,4 фоиз овоз тўплаган.

Рустави шаҳрида Нино Лацабидзе (53,7%), Батумида Арчил Чиковани (51%), Кутаисида Иосеб Хахалеишвили (51,6%), Потида Бека Вачарадзе (57,3%) ғалаба қозонди.

Мухолифат партияси вакили ғалаба қозонган ягона шаҳар — аҳолиси 25 мингдан кам бўлган Цаленджиха бўлди. Сайловчиларнинг 51,1 фоизи Георгий Харчилавга овоз берди.

Сайловнинг иккинчи босқичида мамлакат миқёсида 49,09% сайловчилар иштирок этган.

«Единое национальное движение» («Бирлашган миллий ҳаракат») етакчиси Никанор Мелия сайловларни «сохта, зўравон ва ўғирланган» деб атади ва ўз тарафдорларини Тбилиси марказида мухолифатнинг кейинги режалари эълон қилинадиган митингга йиғилишга чақирди", деб ёзади NewsGeorgia портали.

Мелия ватандошларини «муроссиз курашга» чақирди. Шунингдек, у бир ҳафтадан сўнг — 7 ноябрда навбатдаги норозилик намойиши бўлиб ўтишини, митинг Озодлик майдонига тўпланишини маълум қилди.Унга кўра, сешанба куни Батуми, Кутаиси ва республиканинг бошқа йирик шаҳарларида норозилик акциялари бошланади.

Аввал хабар берганимиздек, 2004−2013 йилларда Грузия президенти лавозимида ишлаган Саакашвили сайловнинг биринчи босқичи арафасида мамлакатга қайтган эди. Сўнгги саккиз йил давомида у хорижда яшаб келган, чунки мамлакатда собиқ президентга қарши бир неча жиноий иш қўзғатилган. У Тбилисида ҳибсга олинган ва Рустави шаҳрида қамоққа олинган.

Иккинчи тур арафасида Саакашвили унинг ҳаёти тарафдорларининг овозига боғлиқлигини айтди. «Менинг яшашим ёки ўлишим ҳар бирингизга, овозингизга ва сайловда иштирокизга боғлиқ», — дея хулоса қилди сиёсатчи. У ҳибсга олинганидан бери 31 кун давомида очлик эълон қилган. 27-октябрь куни колониядаги Саакашвилига Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмени Людмила Денисова (Грузиянинг собиқ президенти ва Украина фуқароси) ташриф буюрди ва у гапиришда қийналаётганини ҳамда 14 кг вазн йўқотганини айтди, деб ёзади РБК.