1 ноябрь ҳолатига кўра, дунё миқёсида COVID-19 қурбонлари сони 5 миллиондан ошди, дея ёзмоқда Associated Press. Ослодаги Тинчлик тадқиқотлари институтининг ҳисоб-китобларига кўра, бу 1950 йилдан бери халқлар ўртасидаги урушларда ҳалок бўлганлар сонига тенг.

Маълумотларга кўра, COVID-19 ҳозирда глобал миқёсда ўлимга сабаб бўлувчи ҳолатлар орасида юрак хасталиги ва инсултьдан кейин учинчи ўринда бормоқда.

COVID-19 тестини ўтказиш имкониятининг чекланганлиги ҳамда одамлар уй шароитида тиббий ёрдамсиз ҳалок бўлаётгани сабабли, айниқса, Ҳиндистон каби дунёнинг қашшоқ мамлакатларида, бу ҳисоб-китоблар ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаслиги мумкин. Яъни расмий статистика реал воқеликдаги ўлим ҳолатлари сонидан камроқ бўлиши мумкин.

ourworldindata.org маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан ишланган

Хабарда айтилишича, COVID-19 пандемияси инқирози икки йилдан камроқ давр мобайнида нафақат қашшоқ мамлакатлар, балки биринчи даражали соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлган бой мамлакатларга ҳам етарлича талофат етказди. Хусусан, ўртадан юқори ёки юқори даромадли мамлакатлар ҳисобланган АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва Бразилияда жами дунё аҳолисининг бор-йўғи саккиздан бир қисми истиқомат қилади, аммо барча ўлим ҳолатларининг деярли ярми айнан шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган. Биргина АҚШнинг ўзида 740 мингдан ортиқ одам коронавирус оқибатида ҳалок бўлган, бу бошқа ҳар қайси мамлакат билан солиштирганда ҳам юқори кўрсаткич.

Колумбия университетидаги глобал соғлиқни сақлаш маркази директори доктор Вафаа Эл-Садрнинг таъкидлашича, умр кўриш давомийлиги узоқроқ бўлган юқори даромадли давлатларда COVID-19га энг таъсирчан тоифа бўлган катта ёшлилар, саратон касаллигини бошдан кечирганлар ва қариялар уйида парваришланувчи кексалар аҳолининг катта қисмини ташкил қилади. Камбағал мамлакатларда эса аксинча, аҳоли орасида болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг улуши кўпроқ. Уларнинг коронавирус билан жиддий касалланиш эҳтимоли камроқ.

Хусусан, ҳозирда Ҳиндистонда, май ойининг бошида дельта штамми тарқалиши энг юқори чўққини қайд этганига қарамай, кунлик ўлим даражаси Россия, АҚШ ёки Буюк Британияга қараганда анча паст, аммо бу рақамларда ноаниқлик мавжуд.

Алоҳида олинган мамлакат ички ҳудудлари кесимида таҳлил қилинганда бошқачароқ тенденцияга гувоҳ бўлиш мумкин. Юқори даромадли мамлакатларда касалланиш ва ўлим ҳолатларидан энг камбағал ҳудудлар кўпроқ азият чеккани кузатилган.

Мамлакатларнинг бойлиги даражаси глобал эмлаш ҳаракатида ҳам рол ўйнади, хусусан, бой мамлакатлар вакциналарни етказиб беришда тўсқинлик қилишда айбланмоқда. Африка бўйлаб миллионлаб одамлар ҳали биринчи дозани ҳам олмаган бир пайтда АҚШ ва бошқа қатор давлатлар аллақачон қўшимча дозаларни тарқатишмоқда. Шунга қарамай, бой давлатлар дунёнинг қолган қисмига юз миллионлаб дозаларни жўнатмоқда.

Африка, жами 1,3 миллиард аҳолининг атиги 5 фоизи тўлиқ қамраб олингани ҳолда, дунёдаги энг кам эмланган минтақа бўлиб қолаётганлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, 31 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус асоратларидан вафот этганларнинг расман қайд этилган сони 1325 нафарга етган.