«Ўзбекнефтгаз» Jizzakh Petroleum компанияси таъсисчилари сафидан бутунлай чиқди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона портали маълумотларига таяниб Spot нашри хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, тегишли қарор май ойида қабул қилинган, бироқ у ҳақда 28 октябрь куни маълум қилинган. Бунгача қўшма корхонанинг 49 фоиз улуши «Ўзбекнефтгаз»га тегишли эди.

Маълумотларга кўра, Jizzakh Petroleum ҚК 2017 йил июнь ойида «Ўзбекнефтегаз» ва Gazprom International’нинг шўба корхонаси Gas Project Development Central Asia томонидан ташкил этилган. Дастлаб Ўзбекистон томони 60 фоиз, Россия томони 40 фоиз улушга эга эди.

Қайд этилишича, 2019 йилда Ўзбекистон Jizzakh Petroleum’даги улушини камайтиришни режалаштираётганлиги маълум бўлган эди. Корхонанинг 30 фоизи «Ўзбекнефтгаз»га, 70 фоизи эса хорижий инвесторларга тегишли бўлиши тахмин қилинган эди.

4 июнь куни Jizzakh Petroleum «Газпромбанк» билан янги газ-кимё мажмуасини молиялаштириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. МТО (метанолдан-олефинлар) технологиясига асосланган газ-кимё мажмуасини Бухоро вилоятида барпо этилишга қарор қилинди.