Марказий Осиёнинг аҳолиси энг зич ҳудудлардан бири ҳисобланган Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги кичик қишлоқни тасаввур қилинг. Бу ерда, ҳудди бошқа аҳоли яшаш масканларида бўлгани каби, хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкони мавжуд эмас ҳамда фойдаланувчиларнинг қарийб учдан икки қисми кунига кўпи билан олти соат давомида сув олишлари мумкин. Натижада, ушбу ҳудудда яшовчи болалар ва
катталар сув орқали юқадиган касалликлар оқибатидаги ўлим ҳолатларининг янада юқори кўрсаткичларига тўқнаш келадилар.

Энди эса ўзингизни Фарғона вилоятидаги айнан шу туманнинг хокими деб тасаввур қилинг: сиз аҳоли эски сув таъминоти тизимидан қолган ариқлардан ифлосланган сувни ичмаслиги учун инфратузилмани яхшилашни истайсиз. Бироқ, бу инфратузилмавий лойиҳаларни қандай молиялаштириш мумкин?

Хавфсиз ва арзон ичимлик сувидан фойдаланиш инсон ҳуқуқи ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари 6 дастурининг (БРМ 6) асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Лекин, ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларнинг молиялаштирилиши етарли бўлмаганлиги сабабли (COVID-19 инқирозининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ва экологик таҳдидлар билан биргаликда), Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бу ва бошқа БРМга эришиши қийин кечиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Ўзбекистон ҳукумати, Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибига қатъий содиқлигига қарамай, мамлакат эҳтиёжларини қондириш соҳасидаги молиялаштириш тақчиллигининг ўсишига дуч келмоқда. 2019 йилдаги баҳолашга кўра, миллий БРМга эришиш учун ҳар йили камида 6 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги қўшимча инвестициаялар талаб этилади. Янги баҳолашга кўра COVID-19 таъсири оқибатларини бартараф этиш 4 миллиард АҚШ доллари ёки мамлакат ЯИМнинг 7 фоизини талаб қилади.

Ривожланиш соҳасидаги лойиҳалар учун хусусий молиялаштиришни жалб қилиш

Молиялаштиришнинг ушбу тақчиллигини бартараф этиш мақсадида ҳам давлат, ҳам хусусий ресурсларни сафарбар этиш учун салмоқли қўшимча ва мунтазам саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Давлат ва хусусий сармояларни жалб қилишга доир чораларнинг бири сифатида Ўзбекистон Ҳукумати томонидан миллий БРМ мақсадлари ва кўрсаткичларига эришишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида импакт-инвесторлар ва институционал харидорларнинг маблағларини жалб қилиш учун БРМ суверен облигациялари муомалага чиқарилди.

Ушбу мақсадда БРМ облигациялари Ҳадли битими ишлаб чиқилган бўлиб, унда қайси лойиҳалар молиялаштириш олиш ҳуқуқига эга эканлиги, облигациялардан тушумлар қандай кузатилиши ва назорат қилиниши, шунингдек облигациялар муомаласи давомида ҳисоботлар қай тариқа тақдим этилиши кўрсатилган.

Янги облигациялар еттита вилоятда БРМга йўналтирилган давлат лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради: таълим (БРМ 4), сув ресурсларини бошқариш (БРМ 6), саломатлик (БРМ 3), яшил транспорт (БРМ 9 ва БРМ 11), ислофланишга қарши кураш (БРМ 11), табиий ресурсларни бошқариш (БРМ 13 ва 15) ҳамда яшил энергия (БРМ 7).

Масалан, сув таъминоти инфратузилмасини қуриш бўйича лойиҳа Фарғона вилоятининг чекка туманларидаги аҳоли учун хавфсиз ва арзон ичимлик сувидан фойдаланиш имконини яратиши ва шу тариқа бир нечта БРМга эришишга ёрдам бериши мумкин. Мувофиқ равишда, бундай лойиҳа БРМ облигациялари сотувидан тушган маблағлар ҳисобига молиялаштиришни олиш ҳуқуқига эга.

Мамлакат учун бу — БРМга эришиш йўлидаги муҳим олға қадам. Молиялаштиришнинг ушбу янги манбаи туфайли мамлакат Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш томон янада яқинлашмоқда.

Ўзбекистоннинг БРМ облигациялари хорижий инвесторлар учун қанчалик жозибали?

Барқарор ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларда хусусий секторнинг янада кенг иштирокини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Ҳукумати 2017 йилдаёқ янада очиқроқ бозор иқтисодиётига ўта бошлаган.

Иқтисодий сиёсатнинг асосий чоралари нархлар, савдо тарифлари ва айрибошлаш курсини либераллаштиришни, иқтисодиётни хусусий ташаббуслар, халқаро савдо учун очишни, корхоналар ва уй хўжаликларига тўғридан-тўғри солиқларни қисқартиришни қамраб олган. Бундай либераллаштирилган иқтисодий сиёсат Ўзбекистонга бутун дунёдаги бизнес вакиллари учун жозибали бўлишга ёрдам берди.

Ислоҳотларнинг узоқни кўзловчи кун тартиби натижаси ўлароқ, Ўзбекистон 2021 йилнинг июль ойида Лондон фонд биржасида БРМ облигацияларини жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатлардан бири бўлди. Қисқа вақт ичида ушбу облигацияларга бўлган талаб ўса бошлади, шунингдек фоиз ставкаси Ўзбекистон учун фойдали кўрсаткичда сақланиб қолди. Жаҳон инвесторлари томонидан билдирилган юқори қизиқиш Ўзбекистонга нисбатан молиявий ишончнинг ортиб бораётганидан далолат бериб, инвесторларнинг Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини тасдиқлайди.

Бутун дунёда БРМ облигациялари халқаро институционал инвесторлар учун жозибадор эканлиги аксарият ҳолатларда обуна лимитининг ошиб кетишига сабаб бўлади. Бироқ, эмитент-давлатлар томонидан маблағлардан фойдаланиш юзасидан ишончли ва аниқ мониторинг ҳамда ҳисобот таъминланиши, шунингдек молиялаштириш учун танланган лойиҳалар қай тариқа БРМга эришишга сезиларли таъсир кўрсатишининг намоён этилиши кутилмоқда.

Аслини олганда, Бутунжаҳон банкининг маълумотларига кўра, «инвесторларга нафақат ўз портфелларидаги экологик, ижтимоий ва бошқарув таваккалларини камайтиришни, балки инвестициялари жамиятнинг турмушига ҳисса қўшишда ёрдам бераётганини кўрсатадиган маълумот керак».

Ҳозирда БМТТД ва мамтакатимиз Ҳукумати БРМ облигациялари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилишини ҳар томонлама ва шаффоф мониторинг қилишни таъминлаш устида иш олиб бориб, инвесторлар ва кенг жамоатчиликни Ўзбекистон томонидан ривожланиш соҳасидаги вазифаларга эришилишига инвестицияларнинг таъсирига доир зарур ахборот билан таъминлашга интилмоқдалар.

Матильда Димовска, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили