Россия ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун мажбурий рўйхатдан ўтиш (бўлиб турган жойида ҳисобга қўйиш) муддати 7 кундан 15 кунга узайтирилиши мумкин. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган президент қарори лойиҳасига тушунтириш хатида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжат 2021 йил 17 июнь куни Тошкент ва Москва шаҳарларида дипломатик канал орқали имзоланган Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида ва Россия фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги битимни тасдиқлашни назарда тутади.

Ўзбекистон ИИВнинг қайд этишича, Россия Федерацияси ҳудудида рўйхатдан ўтиш тартиби РФ ваколатли органлари томонидан қийинлаштирилиши оқибатида (меҳнат фаолиятни амалга ошириш бўйича патент расмийлаштириш) ушбу давлат ҳудудида ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мигрантларга бир қатор қийинчиликлар юзага келитириб чиқармоқда. Натижада, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда.

Худди шундай қонун лойиҳасини тайёрлаган Россия ИИВнинг таъкидлашича, Россияда рўйхатдан ўтиш бўйича таклиф этилаётган тартиблар ҳозирда Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда.