Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида Афғонистон муваққат ҳукумати билан сўнгги учрашувлар ҳақида сўз юритди.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Амир Хон Моттакий билан учрашувда транзит, энергетика ва савдо масалаларини муҳокама қилган эди. Вазир Афғонистоннинг янги раҳбарияти Ўзбекистонга мамлакат ҳудудидан таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлишига йўл қўймаслигига «қатъий ва аниқ кафолатлар» берганини айтган эди.

«Бизнингча, „Толибон“ воқеликни яхши англамоқда. Янги ҳукумат ҳақиқатдан ҳам минтақавий ва кенгроқ халқаро ҳамжамиятга қўшилишни хоҳлайди. Улар баъзи ижобий қадамлар ташлашга тайёр», — деди Абдулазиз Камилов.

«Табиийки, қирқ йиллик уруш ва турли мафкуралар мавжуд бўлганидан кейин ўзгаришлар қийин кечади. Шунга қарамай, улар аллақачон баъзи қадамларни қўймоқда, биз буни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва бу борада улар билан бирга ишлаймиз», — дея қўшимча қилди вазир.

Аниқ бир мисол келтираман: Ўзбекистон чегарасига туташ Балх вилоятига қилган сафаримиздан сўнг эртасига барча қизлар мактабга боришди. Бошқа вилоятлар ҳам шунга эргашдилар. «Толибон» аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашга ваъда бермоқда. Юзи очиқ қизлар, маданиятли кийим: пиджак, галстук, оқ кўйлакдаги ёш дикторлар телевидениеда ишлайди… Яъни, ҳаммаси аста-секин ўзгариб бормоқда", — дея таъкидлади ташқи ишлар вазири.

Унинг қўшимча қилишича, Афғонистоннинг «ўзига хос хусусияти» бор, бу ўз анъаналари, дини ва маънавий қадриятларига эга мусулмон мамлакат. «Бироқ, бизнинг фикримизча, Афғонистон минтақавий оила ва халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми бўлишга муносиб бўлиши мумкин. Лекин бунинг учун биз улар билан ишлашимиз керак, — дея таъкидлади Абдулазиз Камилов.

Вазир, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул-Салом Ҳанафий бошчилигидаги катта афғон делегациясининг яқинда бўлган ташрифини ҳам эслатди.

«Термиздаги музокараларда муваққат ҳукуматнинг деярли бутун таркиби иштирок этди. Биз нафақат вертикал — мамлакат раҳбарияти даражасида, балки горизонтал йўналишда ҳам ҳар бир вазирлик ва идора ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириб бориши учун, деярли барча соҳаларда — чегара хавфсизлиги, иқтисодий алоқалар, савдо, гуманитар ёрдам, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Мамлакатимизда [афғон] талабалари таҳсил олади ва улар ўқишни давом эттирадилар», — деди ТИВ раҳбари.

Абдулазиз Камилов Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар муваффақиятли ўтганини ҳам қайд этди.

«Умуман олганда афғон муаммоси бўйича Ўзбекистон ва Россиянинг қарашлари бир-бирига тўғри келади. Қолаверса, Афғонистон муаммоси каби ўткир муаммо бўйича биргаликдаги ҳаракатларимиз учун ишончли асос яратади», — деди у.

«Москва формати давомида ҳал этишни талаб қилувчи асосий муаммолар аниқланганига эътибор қаратиш лозим. Бундан ташқари, бу бир-бирига ҳеч қандай даъволарсиз, хотиржам руҳда амалга оширилди. Тушунганимиздек, асосийси, биз „Толибон“ билан ҳамкорлик қилишимиз керак», — деди Абдулазиз Камилов.

«Афғонистон билан муносабатларимизга келсак, биз „Толибон“ ҳаракати билан 90 йилларда алоқа ўрнатганмиз. 1999 йилда биз Ўзбекистонда уларнинг ҳозирда (Афғонистон) ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттаки бошчилигидаги делегацияси таклифи билан конференция ўтказган эдик», — деб эслатиб ўтди у.

«Сергей Лавровнинг [Москва форматидаги йиғилишдаги] нутқида бу ҳақиқат эканлиги ва ундан қочиб қутилиб бўлмаслиги ҳақидаги фикри яхши янгради, шунинг учун биз бу йўналишда биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бошқа муқобил йўл йўқ «, — деди вазир.

«Тўғридан-тўғри алоқада бўлиш, таъсир ўтказиш ва рағбатлантириш, ёрдам беришга ҳаракат қилиш бошқа нарса. Бошқа қитъада ўтириб, инклюзив ҳукумат яратишни талаб қилиш бошқа масала», — дея қўшимча қилди Абдулазиз Комилов.

«Афғонлар ва мусулмон дунёсидаги ҳамкорларимиз билан мулоқот қилиш бўйича тажрибамиздан шуни айтишим мумкинки, Шарқдаги кўплаб муҳим масалаларни ҳал қилишнинг ўзига хос томони бор ва шу сабабли мавжуд стандарт ёндашувлар ҳар доим ҳам самарали бўлавермайди. Шунинг учун биз [афғон ҳамкорлари билан] доимий алоқада бўлишга ҳаракат қилдик», — дея хулоса қилди ТИВ раҳбари.