Молия вазири Тимур Ишметов журналист Раян Чилкот (Ryan Chilcote) билан суҳбатда Ўзбекистоннинг инклюзив иқтисодий ўсишга эришиш мақсади ҳақида гапирди.

«Агар олдинги иқтисодий сиёсат ва статистик маълумотларга назар ташласангиз, бизда жуда яхши ўсиш даври юз берди. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Деярли ўн йил давомида бизда йилига 6−7% даражасида (ЯИМ) ўсиш кузатилди. Бу жуда яхши, бироқ бу ўсиш инклюзив бўлмади, шунинг учун бу аҳолининг жуда кичик қисмини хурсанд қила олди», — деди у.

Молия вазирининг таъкидлашича, ҳозир ҳукумат ўтган йиллардаги иқтисодий сиёсат нотўғри бўлганини тушуниб етди.

«Гап фақат ўсиш ҳақида эмас, балки инклюзив ўсиш ҳақида, яъни бунда кўпроқ одам фойда олиши мумкин. Шу боис, унумдорлик, самарадорликни ошириш ва рақобат муҳитини яратиш, инсон капиталига сармоя киритиш, яъни ёшлар ҳақиқатда бизнес талабларига жавоб берадиган асосий кўникмаларни эгаллашига ишонч ҳосил қилишимиз зарур», — деди вазир.

Тимур Ишметов Ўзбекистон меҳнат бозоридаги ноодатий вазият ҳақида айтиб ўтди.

«Бизда жуда қизиқ вазият юз беряпти. Корхоналар ташкил этишга эътибор қаратяпмиз, улар очилмоқда, аммо малакали ишчи кучи етишмаяпти. Бизда катта ишчи кучи бор, бизда ишсизлик даражаси баланд, лекин корхоналар ўзлари учун малакали ходимларни топа олмаяпти», — деди у.

Молия вазири умуман давлатнинг охирги мақсади мактаб ёки университетни битирган ҳар қандай шахс иш топиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш эканини таъкидлади.

«Ўсиш [ЯИМ] ҳақидаги ҳужжатларда қандай рақамларни кўришимиз муҳимми? Ҳа, албатта, иқтисодий ўсишсиз буни таъминлай олмайсиз, лекин яна рақамлар билан ўйнаш шарт эмас. Бизда юқори ўсиш суръатлари бор эди, лекин бу иш бермади. Энди биз самарадорлик ҳақида ўйлашимиз керак, яъни биз рақамлар билан ўйнамаслигимиз кераклигини билган ҳолда, рақамлар якуний мақсадимиз эмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Якуний мақсадимиз эса — иш билан таъминлаш», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Молия вазири Тимур Ишметов интервьюда хусусийлаштириш ҳақида гапириб ўтганди.