Ўзбекистон аҳолисининг етказиб берилган иссиқлик энергиясидан қарзи 2,1 трлн сўмга етди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида иссиқлик таъминоти корхоналарининг газ, электр ва совуқ сувдан қарзи — 2,5 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Қарзларни ундириш ишлари доирасида 20 та иссиқлик таъминоти корхонаси жойларга чиқиб, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бошқа ҳолларда эса ёзма огоҳлантиришлар тақдим этилмоқда, суд органларига мурожаат қилиниб, мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда.

«Аҳолининг тўлов интизомига амал қиладиган қисми 50−60 фоиздан иборат. Қолган 35−40 фоиз аҳолига шу каби чоралар кўрилмаса, тўловни ундириш имконияти чегараланган», — дея тушунтирди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2020−2021 йилги иситиш мавсумидан бошлаб иссиқлик таъминоти учун тўловнинг янги тартиби кучга кирди. Истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг бир куни учун иситиладиган майдоннинг 1 квадрат метрига тўланадиган бўлди. Қурбон Турсуновнинг сўзларига кўра, келгусида барча лойиҳаларда етказиб берилаётган иссиқлик ҳароратига қараб нархни ҳисоблайдиган электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши, яъни ҳарорат қанча юқори бўлса, тариф ҳам шунча қиммат бўлиши режалаштирилган.

«Ҳаво ҳарорати пасайганда, иситиш тизими ҳароратини оширишимиз керак. Табиийки, бунда корхоналарнинг газ истеъмоли ошади, лекин аҳоли томонидан тўланадиган маблағ ўзгаришсиз қолмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида 70 даража иссиқ сув учун тўлов кунига 148 сўмни ташкил этади. 60 ва 50 даража сув учун ҳам худди шундай нарх. Агар ҳисоблагич бўлса, у ҳолда [истеъмолчи] юқори ҳарорат учун кўпроқ пул тўлайди. Агар иситиш совуқ ва сифатсиз бўлса, унда камроқ. Сифатнинг қуйи ҳароратини белгиловчи чегара ҳам мавжуд», — дея таъкидлади вазир ўринбосари Қурбон Турсунов.