Янгийўлда қалбаки пул ишлаб чиқаришда гумон қилинаётган шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Қўлга олиш бўйича тезкор тадбир ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

ДХХ маълумотларига кўра, Қашқадарё вилоятида туғилган (1993 йилда туғилган) ўз уйида онаси ва бирга яшовчи аёл билан қалбаки миллий валюта ясаш билан шуғулланган.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида улардан умумий қиймати 19,6 млн сўмлик 196 дона 100 минг сўмлик қалбаки пуллар, шунингдек, 2 дона компьютер, 2 дона рангли принтер, бир дона қоғоз майдалагич ва бошқа канцелярия буюмлари ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, уларнинг уйидан 1 дона пневматик тўппонча ҳам топилган ва олиб қўйилган.

Бундан ташқари, қалбаки валюта сотиб олиш учун келган Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи, муқаддам судланган икки нафар (1971 ва 1984 йилларда туғилган) шахслар қўлга олинди.

Айни вақтда мазкур ҳолат бўйича тергов иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.