Жо Байден Римда G20 саммитидан олдин Рим папаси билан учрашди

АҚШ президенти Жо Байден Рим папаси Франциск билан учрашиш учун Ватиканга келди. Жума куни Vatikan Media порталида президент кортежи жонли эфирда намойиш этилди.

Шанба куни G20 саммити бошланиши муносабати билан Римда махсус хавфсизлик чоралари кўрилди. Турли манбаларга кўра, хавфсизликни таъминлаш учун ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш органларидан 5 мингдан 10 минггача полициячи жалб этилган.

Байденга рафиқаси Жилл ҳамроҳлик қилмоқда. Бу Байденнинг Ватиканга тўртинчи ташрифи, лекин президент сифатида илк бор ташриф буюриши саналади.


Олма-Отада саккизинчи синф ўқувчисининг ўлимидан сўнг ўғил болалар мактабга юбкада келишди

Олма-Отада нуфузли Назарбоев интеллектуал мактабининг (НИМ) ўғил болалари маъмуриятнинг кийим-кечакка бўлган муносабатига норозилик билдириш учун юбкаларда дарсларга келди, деб хабар берди Интерфакс.

27 октябрь куни ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Бунга сабаб, бошқа талабаларнинг сўзларига кўра, у Гарри Поттер китобларига бағишланган мактаб балига юбкада келган. Унга киришга рухсат берилмаган ва мактаб психологига юборилган.

«Мактаб куратори болакайни юбкада келгани учун кузги балга киритмади. Шундан сўнг уни мажбуран мактаб психологига олиб борди.Уни қўллаб-қувватлаган синфдошларининг ҳар бирининг исмини талаб қилди ва уларнинг исмини айтиб, „гуноҳкорни“ қўллаб-қувватлашга журъат этгани учун интизомий жазо билан таҳдид қилди», — дея ёзган шу мактаб ўқувчиси ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида. Мактаб ўқувчиларининг фикрича, уларнинг дўсти босимга дош беролмай, ўз жонига қасд қилган.

Ушбу ўқувчининг ўз жонига қасд қилганини КазТАГ агентлигига Олма-Ота ва мактаб маъмурияти тасдиқлаган. Полиция ҳодиса юзасидан ўз жонига қасд қилиш моддаси бўйича терговга қадар текширув бошлади. Айтилишича, саккизинчи синф ўқувчиси ҳазил қилиш учун базмга юбка кийиб келган.


Илон Маск инсониятни Марсга ўз ҳисобидан олиб бормоқчи

Илон Маск АҚШда «миллиардерларга солиқ» қўйиш таклифини яна бир бор танқид қилди ва ўз пулини Марсга инсониятни олиб бориш учун сарфлашни режалаштираётганини айтди.

«Менинг режам — бу пулни инсониятни Марсга олиб бориш ва идрок учқунини сақлаб қолиш учун ишлатиш», — деб ёзди Маск Twitter саҳифасида. Ушбу ҳафтада Маскнинг бойлиги, Forbes маълумотларига кўра, 300 млрд долларга яқинлашди ва у Tesla компанияси акцияларининг ўсиши туфайли дунёдаги энг бой одамга айланди.

АҚШда демократларнинг таклифлари орасида ўта бойлар кўпайиши туфайли солиққа тортилганда уларга махсус солиқ жорий этиш таклифи ҳам бор. Ҳозирда 700 дан ортиқ америкалик миллиардерлар оддий америкаликларникидан анча паст ставкада солиқ тўлайди. Уларнинг активлари сотилмагунча солиққа тортилмайди. Шу билан бирга, миллиардерлар ўз мол-мулкини гаровга олиб, яшаш учун банклардан осонгина қарз олишлари мумкин — бу кредитлар ҳам солиққа тортилмайди, чунки улар даромад эмас. Бутун схема одатда миллиардернинг ўлими ва уларнинг мол-мулкининг муҳим қисми меросхўрларига солиқсиз ўтказиш билан якунланади.

Демократлар томонидан таклиф қилинган солиқ ҳали қонунчиликда аниқ белгиланмаган. Хусусан, бойларнинг ер, кўчмас мулк, ҳашаматли буюмлар ва санъат каби кўплаб активлари қийматининг йилдан-йилга ўзгаришини қандай ўлчаш мумкинлиги аниқ эмас.


АҚШ Трамп сиёсатидан жабр чеккан мигрантларга 1 млрд доллар тўлаши мумкин

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти собиқ президент Дональд Трамп олиб борган миграция сиёсати натижасида оилаларидан ажралиб АҚШнинг жанубий чегарасини кесиб ўтган муҳожирларга товон пули тўлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, тўловларнинг умумий миқдори 1 млрд доллардан ошиши мумкин.

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги, Ички хавфсизлик вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ва инсон хизматлари департаменти компенсация режаси устида ишламоқда. Унга кўра, жабрланган оиланинг ҳар бир аъзосига шароитга қараб 450 минг долларгача тўланиши, АҚШ расмийлари бу мақсад учун жами 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ ажратиши мумкин. Айни пайтда 940 га яқин мигрант оила зарарни қоплаш бўйича даъво аризалари топширган.

Маълумотларга кўра, Трамп сиёсати доирасида 5500 га яқин қочқин болалар ота-оналаридан ажратилган.

АҚШнинг 45-президенти муҳожирлар сонини чеклаш, янги текширув тартиб-қоидаларини жорий этиш ва қабул қилинган қочқинлар сонини камайтириш тарафдори эди. Унинг сиёсати доирасида кўплаб болалар АҚШнинг жанубий чегарасини кесиб ўтиб, ўз оилаларидан ажралиб кетишди. 2021 йил январь ойида Жо Байден АҚШ президенти лавозимини эгаллаб, «янги иммиграция сиёсати»ни эълон қилди. Байден бу соҳадаги қонунчиликни юмшатди ва бошпана изловчиларни Мексикага юбориш дастурини тўхтатди. Шундан бери АҚШга киришга уринаётган муҳожирлар оқими сезиларли даражада ўсди ва ҳозирда 200 мингдан ошиб, XXI аср бошидан буён ўзининг максимал даражасига етди.


Финляндияда газетанинг уч журналисти давлат сирларини ошкор қилишда айбланмоқда

Финляндия прокурорлари мамлакатнинг йирик газетаси Helsingin Sanomat'нинг уч ходимини давлат хавфсизлиги сирларини ошкор қилганликда айбламоқда. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

Ушбу айблов бўйича энг кам жазо муддати — тўрт ойни, энг кўпи эса — тўрт йилни ташкил этади. Учаласи ҳам айбловларни рад этган.

Айбловга кўра, 2017 йилда нашр томонидан мамлакат ҳарбий разведкаси, шу жумладан Россияга оид юқори даражадаги махфий маълумотлар эълон қилинган .

Хабар қилинишича, «Helsingin Sanomat нашри мамлакат ташқи хавфсизлигини таъминлаш учун сир сақланиши керак бўлган маълумотларни қайта ишлаган» дея гумон қилинмоқда. Шу билан бирга, ушбу махфий маълумотларнинг бир қисми ҳақида маълумотлар чоп қилинган, қолган қисми дастлабки тергов бошланганлиги сабабли нашр этилмаган.