Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик шароитида болаларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Япония ҳукумати Ўзбекистонга 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратди, деб хабар берди ЮНИСЕФ матбуот хизмати «Газета.uz» га.

Аввал ёзганимиздек, Япония Афғонистон ва қўшни давлатлар — Ўзбекистон, Покистон, Эрон, Тожикистонга «гуманитар эҳтиёжлар ўсиб бораётгани сабабли» жами 65 млн доллар миқдорида фавқулодда грант ёрдами ажратади. Ёрдам еттита халқаро ташкилот орқали етказилади.

«Мазкур грант доирасида ЮНИCEФ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорликда Республика „Ташхис“ маркази ёрдамида болаларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилишни кучайтиришга замин яратади», дейилади хабарда.

Асосий тадбирлар Сурхондарё вилоятидаги болаларни ҳимоя қилиш бўйича ишларда қўлланма сифатида хизмат қилувчи ва уларни тегишли мутахассисларга йўналтирувчи идоралараро стандарт операцион тартиб-қоидаларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Ижтимоий соҳа ходимлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида ўқув платформасини яратиш ҳамда мустақил онлайн ўқув курсларини ривожлантириш орқали ўз билим ва кўникмаларини оширадилар. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги иккита психологик-ижтимоий кўмак маркази зарур мебель ва IT-ускуналар билан жиҳозланади.

Ушбу лойиҳа 70 мингдан ортиқ болалар ва уларнинг оилалари фаровонлигини яхшилашга ёрдам берилиши кутилмоқда.

«Барча инқироз ҳолатларида болалар энг кўп азият чекадилар. Можаролар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар қизлар ва ўғил болаларга нисбатан бўлган зўравонлик, эксплуатация, шавқатсиз муносабат ва эътиборсизлик хавфини оширади. Аксарият ҳолларда, болалар асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўладилар ва бу уларнинг руҳий ва психологик фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади», — деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«Шу учун ҳам бу инвестициялар болаларни ҳимоя қилиш тизимларини мустаҳкамлашга, хусусан, зўравонлик ва эксплуатация қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга жавоб бериш, оилалардан ажралиш, руҳий саломатлик ва психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ижтимоий ходимларнинг малакаларини оширишга қаратилиши муҳимдир», — дея қўшимча қилди ваколатхона раҳбари.