Президент Шавкат Мирзиёевнинг 28 октябрдаги қарори билан Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилди. Бу ҳақда Huquqiy axborot Telegram-канали хабар берди.

Институтда қуйидагилар бўйича кадрлар тайёрланади:

  • тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳудудларни ихтисослаштириш;
  • экспортбоп ва даромадбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришни ташкил этиш;
  • қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни ҳамда рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш.

Мазкур ОТМда 2021/2022 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишларида кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, талабалар учун ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади.

2022 йил якунигача талабалар, магистрлар ва илмий изланувчилар ҳамда ёш профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида лойиҳаларнинг стартапларини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи IT-инкубатор илмий инновацион маркази ташкил этилади.

Маълумотга кўра, институтга тегишли ер майдонларида Жаҳон банки ҳисобидан анор, хурмо, лимон, қора олхўри, узум ва бошқа мева-сабзавотларнинг юқори ҳосилли, йилига 2−3 маротаба ҳосил олишга имкон берадиган навларини яратиш бўйича кўргазмали дала майдонлари барпо этилади.

Қарорга асосан, институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кечки (сменали) ҳамда 2022 йилдан олий таълимдан кейинги таълим (докторантура)га қишлоқ хўжалиги ихтисосликлари бўйича қабулни ташкил этиш назарда тутилган.

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабалари институтнинг мос таълим йўналишлари ва мутахассисликларига ўтказилиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига институт дипломи берилади.

ОТМ фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат аграр университетининг ҳар учала филиалини (Термиз, Нукус ва Самарқанд) алоҳида муассасаларга айлантириш ҳукуматнинг 2020 йил декабрдаги қарорибилан кўзда тутилган эди.