25 октябрь куни ҳукумат қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар берди Huquqiy axborot Telegram-канали.

Унга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади.

Бунда ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида «онлайн-навбат»га киритиб боради.

Болаларга 18 ёшга тўлган йилда:

  • кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали;
  • вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ 30 ёшга тўлгунгача уни сотиш ҳуқуқисиз берилади.

Ҳужжатга асосан уй-жойлар туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, яшаш учун барча зарур шароитларга эга ҳолда топширилади.

Уй-жой билан таъминланиш ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда янгиланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.

Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги ордер беради ва ушбу ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади. Ордерлар «онлайн-навбат» ахборот тизимидаги қатъий кетма-кетлик асосида берилади ва ўша кундан 10 кундан кечикмай нотариал расмийлаштирилади.

Қарорга кўра шунингдек, 2022 йил 1 январдан:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олиш «Васийлик ва ҳомилик» электрон платформаси орқали онлайн мурожаатга асосан амалга оширилади.

Низом билан 2022/2023 ўқув йилидан «Ижтимоий иш» бакалавриат таълим йўналишида «Васийлик» ва «Ҳомийлик» соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Август ойида президент Шавкат Мирзиёев қарори билан уйга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим болага 1 хонали, улар ўртасида никоҳ тузилган тақдирда 2 хонали уй-жой ажратиш тартиби белгиланган эди. Бола 30 ёшга тўлгунча уйни сотиш, гаровга қўйиш ва ижарага бериш қўйиш мумкин эмас. Йил якунига қадар 757 нафар болани уй билан таъминлаш режа қилинган. Бунга қадар етим болаларга бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уйлардан ажратиб келинган.