Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги россиялик ҳамкасбларига ўзбекистонликларни Россияда ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартириш киритишни таклиф қилди, деб хабар берди Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати. Бундан кўзланган мақсад Россияда Ўзбекистон фуқароларини ишга қабул қилиш тартибини соддалаштириш.

Ушбу мавзу Москвада Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусановнинг Россия меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков билан учрашувида муҳокама қилинди.

«2017 йилда имзоланган ташкилий ишга қабул қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув пандемия даврида меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади. Ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун имкон қадар содда ва қулай қилиб, ҳар икки томон учун зарур кафолатларни таъминлаш зарур», — деди вазир Нозим Хусанов.

Нозим Хусанов, шунингдек россиялик ҳамкасбига Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида касб-ҳунар таълими тизимини қўллаб-қувватлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама Битим имзолангани ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчиликдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Музокаралар натижасида томонлар 2017 йилги ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритиш бўйича келишувларга эришдилар, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, корхоналарда шикастланишлар даражасини пасайтириш, шунингдек, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш ва амалиёт ўташ бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати Ўзбекистондан мамлакатга 10 минг қурувчини жалб қилиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа иштирокчилари суҳбат ва тиббий кўрикдан ўтиши, шунингдек, рус тилини билиш ва Россия қонунчилиги тарихи ва асосларини билиш сертификатини олишлари керак бўлади.

Дастур ҳафта бошидан Ўзбекистонда ишга туширилди. Тажриба 2022 йил январь ойи ўрталарида амалга оширилиши режалаштирилган.