Олийгоҳ, профессионал таълим муассасасида бирон-бир кўринишда тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик содир этилган бўлса, ёхуд ана шундай ножўя хатти-ҳаракатлар таҳдидига учралса ёки гувоҳи бўлган бўлса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot га мурожаат қилиш сўралмоқда.

«Шахсингиз ва шахсий маълумотларингиз сир сақланиши кафолатланади. Сизга зарур бўлган барча ёрдам кўрсатилади, ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, содир этилган ҳар бир ҳолат бўйича қатъий чоралар кўрилиши таъминланади», дейилади хабарда.

Олий таълим вазирлиги ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида «соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муҳтарама аёлларимизнинг, азиз опа-сингилларимизнинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазирлик учун устувор аҳамиятга эга» эканлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани айтилаётгани ҳақида хабар берилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, декан ўринбосари қўлга олинган.

Шундан сўнг, Олий таълим вазирлиги мазкур воқеани назоратига олган эди. Вазирлик ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини маълум қилган.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди. «Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз», — дейди у. Қўшимча қилинишича, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт».