Педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилгани айтилмоқда

Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг декан муовини уни деразадан итариб юборади ва қиз тушиб кетади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, декан ўринбосари қўлга олинди.

Ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолияти рейтинги натижалари очиқланди

Республика бўйлаб ҳокимларнинг фаолияти самарадорлигини акс эттирувчи рейтинг натижалари argos.uz порталида эълон қилинди. «Вилоятларнинг ТОП туманлари» умумий рейтингида Навоий ҳамда Хоразм вилоятлари кичик фарқ билан етакчилик қилмоқда. Энг қуйи поғонани эса Сурхондарё вилояти эгаллаган.

Тўртта туман ҳокими ўтиб кетган кунга йиғилиш чақириш тўғрисида қарор чиқарган

Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари Халқ депутатлари туман кенгаши мажлисларини ўтиб кетган кунга чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилишган.

Алимент бўйича қарздорларга автомобиль ҳайдашга чекловлар қўйилиши мумкин

Алимент тўламаганлиги сабабли транспорт воситасини ҳайдашга чекловлар ўрнатилиши мумкин. Бошқариш ҳуқуқи чекланган фуқароларнинг реестрини шакллантириш ва қарздор томонидан транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

«Қонун имконияти чекланган шахсларга тўғридан-тўғри имтиёз бермайди». Сенаторлар жамиятлар вакиллари билан учрашди

Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилган эди. Шундан сўнг, сенаторлар Одилжон Иминов ва Эркин Гадоев жамиятлар раҳбарлари билан учрашди. Таъкидланишича, «учрашувда қонун имконияти чекланган шахсларга тўғридан-тўғри имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутмаслиги тушунтирилган». Қолаверса, ҳужжатни қайта ишлашда ҳамкорлик қилиш таклиф этилган.

Абдулазиз Камилов Эрон президенти билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов Теҳрон саммити доирасида Эрон президенти Иброҳим Раиси билан Афғонистондаги вазият бўйича музокаралар ўтказди. Камилов Эроннинг Афғонистондаги вазиятни ўрганиш бўйича ташаббусини олқишлашини маълум қилди. Раиси саммит доирасида афғон масаласи бўйича умумий ечим ва қарашлар топилишига умид қилиши ҳақида таъкидлади.

Uzbekistan Airports таркибида янги хендлинг компанияси ташкил этилмоқда

Uzbekistan Airports таркибида Uzbekistan Airports Handling компанияси фаолият бошлайди. Янги хендлинг корхонаси аэропорт комплексидаги қатор хизматларни тақдим этади. Эндиликда авиакомпаниялар ўзларига зарур хизмат пакетини шакллантириб, кераксиз хизматлардан воз кечишлари мумкин бўлади.

Хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилса компенсация берилади

Президент тадбиркорлик субъектларининг валюта хатарларини камайтиришга оид қарорни қабул қилди. Давлат жамғармаси хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганида компенсация тўлаб беради.

Педагогика университети раҳбарияти ва масъулларига қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилади

Олий таълим вазирлиги Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеани назоратига олди. Вазирлик ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жабрланувчи қизнинг саломатлигини ўз назоратига олди.

9 ойда ХТВ тизимида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ХТВ тизимидаги таълим муассасаларида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 16 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад ҳолатлари аниқланган.

«Юнистрим» Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлайди

Меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш мақсадида «Юнистрим» банки касаллик ёки жароҳат туфайли даромадини йўқотганлар учун бепул суғуртали дебет картасини чиқарди.

«Афғонистон яқин келажакда минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб қолади» — Абдулазиз Камилов

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Теҳрон саммитидаги нутқида Афғонистон яқин келажакда минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб қолиши ҳақида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу давлатни халқаро миқёсда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун Афғонистонга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарур.

Самарқандда 10 кунда 8 киши ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлди

Самарқанд вилоятида 10 кунда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этган. Уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалардир. Яна 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шунингдек, вилоятда октябрь ойининг бошидан буён 128 та аҳоли уйларида турли кўламли ёнғинлар содир бўлган.

Ўзбекистонда биринчи юқори кучланишли рақамли подстанция қурилади

Осиё тараққиёт банки кўмаги билан Жиззах вилоятида 220 кВ кучланишли «Зафаробод» рақамли подстанцияси қурилади. Подстанция 2023 йилда фойдаланишга топширилади. Унинг қурилишида тендерда ғолиб бўлган Хитойнинг «Shanghai Electric Group Co.,Ltd» компанияси иштирок этади.

Олимпиада ўйинлари совриндори Давлат Бобонов жаҳон рейтинги пешқадамига айланди

Ўзбекистонлик дзюдовчи Давлат Бобонов -90 кг вазн тоифасида дунё рейтингида 1-ўринга кўтарилиб олди. Яна икки нафар ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) аввалги ўрнига нисбатан бир поғона пастлаб, 4-ўринни, Сардор Нуриллаев (-66 кг) ҳам бир поғонага пастлаб, 6-ўринни эгаллаб турибди.

Оксана Чусовитина спорт мактабини рўйхатдан ўтказди

Оксана Чусовитина спорт таълими фаолияти билан шуғулланиш учун «Chusa sport team» МЧЖни рўйхатдан ўтказди. Август ойида Шавкат Мирзиёев Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчилари билан учрашувида Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилган эди.

Мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлат бюджетидан қўшимча 1,43 трлн сўм олади

Мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 1,43 трлн сўм ($133,7 млн) йўналтирилади. Сенат буни назарда тутувчи ўзгартишларни давлат бюджетига киритишни маъқуллади. Июнда сенаторлар куч ишлатар тузилмалар ходимларини моддий таъминлаш, қўшимча штатлар ажратиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 1,1 трлн сўм ажратишни ҳам маъқуллаган эди.

COVID-19 ва камбағалликка қарши курашиш, Афғонистон, рақамли молия: Мирзиёев ва Си Цзиньпин нима ҳақда суҳбатлашди?

Ўзбекистон президенти ва ХХР раиси Си Цзиньпин телефон орқали мулоқотда Афғонистондаги вазият, вакцина ишлаб чиқариш бўйича минтақавий марказ қуриш ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев коронавируснинг келиб чиқиши ҳақидаги масалани сиёсийлаштиришга қарши чиқди, дея хабар қилди «Синьхуа».

«Бу каби ҳолатлар денгиздан томчи». Саида Мирзиёева — университетда талаба қизга тегажоғлик қилингани ҳақида

Саида Мирзиёева Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди. «Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз», — дейди у. Қўшимча қилинишича, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт».

Наманганда шифокорни калтаклаган ака-укага ҳукм ўқилди

Суд нотўғри ташхис қўйишда айблаб, поликлиника шифокорини калтаклаган наманганлик фуқарога 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг акаси ҳам тиббиёт ходимига куч ишлатганликда айбли деб топилди ва у 144 соат мажбурий жамоат ишлари билан жазоланди.

«Газета.uz»да чиққан фотоматериаллар:

Фото: Ўзбекистоннинг кўп асрлик дарахтлари

Ўзбекистон ҳудудида ёши 100 ва ундан катта бўлган 4600 дан ортиқ дарахт бор. Энг кекса дарахтлар қайси ҳудудларда ўсади ва пойтахтдаги узоқ умр кўрувчиларининг айримлари қандай кўринишга эга — «Газета.uz» фотоматериалида.