26−27 октябрь кунлари Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтаётган Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарларининг учрашувида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари чоршанба куни Эрон президенти Иброҳим Раиси билан музокаралар ўтказди, деб хабар берди Эрон ТИВ матбуот хизмати.

Раиси Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни қардош ва ривожланиб бораётган сифатида тавсифлаб, «Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон билан турли сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришда ҳеч қандай чеклов кўрмаётганини» таъкидлади.

Иброҳим Раиси Абдулазиз Камилов билан учрашувда Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий томонлари ва имкониятларига тўхталиб, «Эрон ва Ўзбекистон биродарлик ва қариндошлик алоқаларига эга», деди.

Эрон президенти музокаралар давомида Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталди.

«Афғонистонда бегоналарнинг, жумладан, АҚШ борлигининг оқибати азоб, қотиллик, қон тўкиш ва Афғонистонни ушлаб туришдан бошқа нарса эмас. Биз афғон халқига тинчлик ва хавфсизликни ҳис қилишларига ёрдам беришимиз керак», — дея таъкидлади у.

Иброҳим Раиси Эронда тўрт миллионга яқин афғоннинг борлиги ва Эроннинг уларга инсонпарварлик ёрдамини давом эттиришига тўхталар экан, Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарларининг йиғилишида умумий ечим ва қарашлар топилишига умид қилиши ҳақида таъкидлади.

«Икки давлат ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун юқори имконият ва салоҳиятга эга ва биз бу имкониятлардан фойдаланишга қатъий қарор қилганмиз», — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон Эроннинг Афғонистондаги вазиятни ўрганиш бўйича ташаббусини олқишлашини қайд этди.

«Катта кучлар Афғонистон учун ҳеч нарса қила олмаганини инобатга олсак, Теҳрон саммити катта сиёсий аҳамиятга эга ва биз унинг натижасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деди у.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ҳар икки мамлакат ва минтақа давлатларининг манфаатларига жавоб беришини таъкидлаб, Ўзбекистон Эрон билан турли минтақавий ва халқаро йўналишларда яқин ҳамкорликка интилишини айтди.