Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги республиканинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйиб, унинг натижаларини очиқлади, дея хабар қилмоқда агентлик матбуот хизмати.

Эндиликда раҳбарлар фаолияти самарадорлигини акс эттирувчи мазкур рейтинг натижалари агентликнинг argos.uz портали «Рейтинг» саҳифасига жойлаштирилган. Саҳифада бир неча тоифадаги рейтинглар натижалари билан танишиш мумкин, жумладан:

  • Натижадорлиги юқори ҳудудлар;
  • Кўрсаткичлари энг юқори туманлар (шаҳарлар);
  • Ҳудудлардаги кўрсаткичлари энг қуйи туманлар (шаҳарлар);
  • Ҳоким ўринбосарларининг ЭМСК бўйича рейтинги;
  • Туман (шаҳар) ҳокимларининг ТОП-20 талик рейтинги;
  • Туман (шаҳар) ҳокимларининг ҚУЙИ-20 талик рейтинги.

Амалдаги рейтинг натижаларига кўра, «Вилоятларнинг ТОП туманлари» умумий рейтингида Навоий ҳамда Хоразм вилоятлари кичик фарқ билан етакчилик қилмоқда. Энг қуйи поғонани эса Сурхондарё вилояти эгаллаган.

«Ҳудудларда кўрсаткичлари энг юқори туманлар (шаҳарлар)» умумий рейтингида ТОП бешталикни Қоровулбозор тумани (Бухоро), Янгибозор тумани (Хоразм), Ширин шаҳри (Сирдарё), Ғазғон шаҳри (Навоий) ва Миробод тумани (Тошкент шаҳри) банд этиб турибди. Энг қуйи поғоналардан Қарши шаҳри (Қашқадарё) ва Термиз тумани (Сурхондарё) жой олган.

«Ҳудудларда кўрсаткичлари энг қуйи туманлар (шаҳарлар)» бўйича умумий рейтингда эса Сариосиё (Сурхондарё), Чироқчи (Қашқадарё), Бўстонлиқ (Тошкент), Пасдарғом (Самарқанд) ҳамда Сайхунобод (Сирдарё) туманлари энг паст натижани кўрсатганлиги акс этган. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур рейтингда энг қуйи ўринда турган, яъни юқоридагиларга нисбатан энг йирик кўрсаткичга эга бўлган Урганч шаҳрининг (Хоразм) қайд этган кўрсаткичи айрим вилоятларнинг ТОП туманлари (шаҳарлари) кўрсаткичидан ҳам юқорироқ эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Қашқадарёда етакчи Қарши шаҳри ва Сурхондарёда етакчи Термиз тумани мос равишда 100 баллик системада 78,2 ва 74,7 бални қайд этган бўлса, Хоразмда энг паст натижага эга бўлган Урганч шаҳрининг кўрсаткичи 80,5 га тенг.

Ҳокимларнинг ТОП-20 талик рейтингида яна Қоровулбозор тумани (Бухоро), Янгибозор тумани (Хоразм), Ширин шаҳри (Сирдарё), Ғазғон шаҳри (Навоий) ва Миробод тумани (Тошкент шаҳри) ҳокимлари етакчилигини кўриш мумкин. Қуйи-20 талик рейтингда эса рўйхатдаги дастлабки ўнта ўриннинг саккизтаси Сурхондарё вилояти туманлари ҳокимларига насиб этган.


Рейтинг натижалари билан батафсил қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Шунингдек, хабарда мазкур рейтинг натижалари 2021 йил июнь ҳолатига бўлиб, 3-чорак натижалари ҳам яқин кунларда эълон қилиниши эслатиб ўтилган.

Қайд этилишича, рейтингда якуний баҳолашнинг 50 фоизини ЭМСК ташкил этса, 30 фоизи аҳоли орасида ва 20 фоизи маҳалла раислари орасида ўтказилган сўровнома натижалари асосида шакллантирилади.

Август охирида президент қарори билан ҳокимларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тартиби жорий этилиши тўғрисида хабар қилинган эди. Қарорга кўра улар фаолияти «қониқарсиз», «қониқарли», «яхши» ва «аъло» деб баҳоланади. Улар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари учун шахсий жавобгар этиб белгиланган.