Сеулда Жанубий Корея Интерпол ходимлари халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқаросини чегара постини кесиб ўтиш вақтида қўлга олди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.

Қўлга олинган Ю. У. Жиноят кодексининг 168-моддасига (Фирибгарлик) асосан, катта миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган эди.

Маълум бўлишича, Ю. У. Корея ҳудудида бўла туриб, Ўзбекистон фирмалари бирининг вакили бўлган Ўзбекистон фуқароси Ю. И. нинг ишончига кириб, Жанубий Кореяда ишлаш учун одам топиб беришини таклиф қилган.

Фуқаро Ю. И. чет давлатда ишлашни истаганларни топиб, улар банклар орқали фуқаро Ю. У. нинг ҳисоб рақамига 507,7 млн сўм (54,6 минг АҚШ доллари) ўтказиб юборган. Эвазига у Жанубий Кореяда ишлаш учун таклифномагина жўнатиб турган, шундан сўнг номаълум жойда яшириниб юрган.

Ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ, Интерпол Ўзбекистонда фирибгарлик қилгани учун халқаро қидирувда бўлган икки фуқарони Жанубий Кореяда қўлга олиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.