27-октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувида иштирок этди, деб хабар берди ТИВ.

Ташқи ишлар вазири ўз нутқида бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик юзага келганини таъкидлади. Тўлиқ ваколатли ҳамда халқаро эътирофга эга бўлишга интилаётган Муваққат ҳукумат тузилди.

«Қайд этилганидек, Афғонистон яқин келажакда минтақа давлатлари, биринчи навбатда, қўшни мамлакатларнинг миллий манфаатларига бевосита дахлдор минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб қолади. Айниқса, ҳозирги замонавий босқичда ушбу давлатни халқаро миқёсда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун Афғонистонга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди», дейилади баёнотда.

Форум иштирокчилари Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, биродар афғон халқига тезкор инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш масаласида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этишини билдирдилар.

Аввалроқ, Абдулазиз Камилов Теҳрон саммити доирасида Эрон президенти Иброҳим Раиси билан Афғонистондаги вазият бўйича музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.Камилов Эроннинг Афғонистондаги вазиятни ўрганиш бўйича ташаббусини олқишлашини маълум қилган. Раиси саммит доирасида афғон масаласи бўйича умумий ечим ва қарашлар топилишига умид қилиши ҳақида таъкидлаган.