26 октябрь куни Япония ҳукумати «гуманитар эҳтиёжлар ўсиб бораётган» Афғонистон ва қўшни мамлакатларга 65 млн доллар миқдорида фавқулотда грант ёрдами ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар берди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Япония афғонларни уй-жой, соғлиқни сақлаш, сув ва санитария хизматлари, озиқ-овқат, таълим ва қишлоқ хўжалиги билан таъминлаш бўйича гуманитар ёрдам кўрсатади.

Ёрдам Афғонистон ва унга қўшни мамлакатлар — Ўзбекистон, Покистон, Эрон ва Тожикистонга еттита халқаро ташкилотлар орқали кўрсатилади: БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP), БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Қизил Хоч халқаро қўмитаси (ҚХХҚ), БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси (UN HCR), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва БМТнинг гуманитар фаолиятни координация қилиш бошқармаси (ГФКҚБ).

Гуманитар ёрдамнинг асосий қисми Афғонистон учун — 58 млн доллар ажратилса, қолган қисмлари Покистонга (3,5 млн доллар), Эронга (2,6 млн доллар), Тожикистон (700 минг доллар) ва Ўзбекистонга (200 минг доллар) ажратилади.