Халқ таълими вазирлиги тизимида жорий йилнинг 9 ойи давомида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда 27 октабрь куни Ички аудит хизмати фаолиятининг 9 ойлик сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 9 ойи давомида таълим муассасаларида 197 та ўрганиш тадбирлари ўтказилиши натижасида жами 47 553 та ҳолатда 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 6 530 та ҳолатда 16 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган. Таққослаш учун: бу кўрсаткич 2020 йилнинг январь-сенябрь ойларидаги кўрсаткичга (143,2 млрд сўм) нисбатан 2 бараварга камайган.

Бундан ташқари, таркибида жиноят аломатлари бўлган 158 та 61,4 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан январь-сентябрь ойлари давомида жами 194,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олингани қайд этилди.

Жумладан, таълим муассасаларида харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига мувофиқ режалаштирилган маблағлардан 106,1 млрд сўми мақбуллаштирилган. Ушбу маблағлар умумтаълим мактаблари учун янги авлод дарсликларини Миллий ўқув дастури асосида комплекс тарзда яратиш ва нашр этишга йўналтирилган.

Шу билан бирга, таълим муассасаларининг харажатлар сметаси тузилиши жараёнида 50,3 млрд сўмлик қўшимча эҳтиёж мавжуд бўлган йўналишларга профилактика ишлари натижасида бўшаб қолган маблағларни йўналтириш ҳисобидан қопланган.

Шунингдек, умумтаълим муассасаларидаги асосий воситалар ва бошқа жиҳозларни хатловдан ўтказиш натижасида жами 26,3 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг ортиқча сақланиш ҳолатлари аниқланган.

Аниқланаётган камчиликлардан келиб чиққан ҳолда, уларни келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида амалда ходимларнинг иш ҳақи тўловлари амалга оширилаётган «УзАСБО» дастурий мажмуасига Молия вазирлиги билан ҳамкорликда янги модулларни яратган ҳолда, тегишли ўзгартиришлар киритиб борилаётгани айтиб ўтилди.