Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида оилавий поликлиника шифокори калтакланганлик юзасидан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди, деб «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа август ойи бошида маълум бўлганди. Ўшанда ИИВ 28 июль куни оилавий поликлиника шифокори Н.К.га Бобиржон ва Жобирхон Фахриддиновлар (аввалига уларнинг исм шарифлари бошқача кўрсатилганди) ўзларининг соғлиғи ёмонлашгани ва ҳарорат ошгани сабабли мурожаат қилганини қайд этганди. Шифокор тиббий кўрикни ўтказиб тана ҳарорати кўтарилмаганини айтганида, беморнинг укаси «нотўғри ташхис қўйяпсан» деб жанжал кўтариб шифокор билан муштлашиб кетган.

Жабрланувчида бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, ўнг қўл тирсак соҳаси шилинган жароҳати, пешона, ўнг чакка, ўнг кўз юқори қовоқ сохаси қонталаш жароҳатлари борлиги ушбу жароҳат тиббий мезонга кўра оғирлик даражаси бўйича соғлиқни бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати эканлиги аниқланган.

Суд мажлисида ака-укалар ўз айбини тан олган. Жумладан, Б.Н. шифокорни аввалига акаси урганини, кейин тиббиёт ходимига у ҳам ташланиб кетганини таъкидлаган.

Суд Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми «б» бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини, акасига эса 360 соат мажбурий жамоат ишларини тайинлади. 62 моддага (жазо муддатини ҳисоблаш) мувофиқ, унинг ҳибсга олинган ҳар бир куни 4 соатлик жамоат ишига тенглаштирилиб, натижада муддат 144 соатгача қисқартирилди.