Ўзбекистон миллий электр тармоқлари компанияси томонидан мамлакатда биринчи юқори кучланишли рақамли подстанция қурилмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиг матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Осиё тараққиёт банки кўмаги асосида 220 кВ кучланишли «Зафаробод» рақамли подстанциясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Рақамли подстанция Жиззах вилоятида 2023 йилда фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.

«Технологик жараёнларни бошқариш тўлиқ юқори даражада автоматлаштирилган, энг замонавий ахборот технологияларининг бошқарув тизимлари ва воситалари билан жиҳозланадиган рақамли '"Зафаробод» подстанцияси вилоят энергетика тизимини 500 МВА қўшимча қувват билан таъминлайди", — дея маълумот берди Миллий электр тармоқлари бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов.

Қайд этилишича, «тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида, Осиё тараққиёт банки талабларига асосан подстанцияни қуриш учун ўтказилган халқаро тендер савдоларида «Shanghai Electric Group Co.,Ltd» (Хитой) компанияси ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа доирасида «GOPA — International Energy Consultants GmbH» (Германия) консалтинг компанияси сифатида иштирок этмоқда.