Жаҳон банки Суданга ёрдам беришни тўхтатди

Жаҳон банки чоршанба куни Судандаги ҳарбий тўнтариш туфайли Суданга ёрдам кўрсатишни тўхтатганини эълон қилди, деб хабар берди AFP.

«Жаҳон банки гуруҳи душанба куни Судандаги барча операцияларини молиялаштиришни тўхтатди ва биз вазиятни диққат билан кузатиб, баҳолагунимизча ҳар қандай янги операциялар тўхтатилади», деди Жаҳон банки раҳбари Дэвид Малпасс.

Судан ҳарбийлари душанба куни бош вазир Абдулла Ҳамдок ва бошқа бир қанча ҳукумат амалдорларини ҳибсга олди. Судан Суверен кенгаши раҳбари Абдулфаттоҳ ал-Бурхон халққа телемурожаатида фавқулодда ҳолат жорий этилиши ва мамлакат ҳукумати тарқатиб юборилиши ҳақида маълум қилган.


Telegram тез орада реклама платформасини ишга туширади

Telegram мессенжери тез орада биринчи марта каналларда расмий реклама хабарларини кўрсатишни бошлайди, деди мессенжер асосчиси Павел Дуров ўз аккаунтида.

«Энди Telegram каналларида канал эгаларининг ўзлари мунтазам эълон қиладиган хабарлар кўринишида рекламалар бўлади. Telegram амалга оширадиган расмий рекламалар фойдаланувчилар учун анча қулайроқ бўлади. Бундай рекламалардан келадиган даромад Telegram фойдаланувчиларига бепул ва чексиз хизматларни тақдим этишда давом этиш имконини беради», — деб ёзди Дуров.

Компания сайтида таъкидланганидек, реклама хабарлари 1000 дан ортиқ обуначиларга эга бўлган йирик оммавий Telegram каналларида кўрсатилади ва уларнинг ҳажми 160 та белги билан чегараланади. Реклама берувчилар ўз эълонлари кўрсатиладиган каналларнинг тили ва тахминий мавзусини танлашлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, маълум рекламалар пайдо бўладиган муайян каналларни танлашингиз ёки реклама кўрсатилмайдиган махсус каналларни қўшишингиз мумкин бўлади.

Реклама хабарининг мингта кўрилишининг минимал нархи 2 еврони ташкил қилади. Эълоннинг давомийлиги реклама берувчи томонидан тўланган пул миқдорига боғлиқ бўлади. Реклама платформаси ҳозирда тест режимида. Telegram ўзининг асосий харажатларини қоплаганидан сўнг, компания рекламадан тушган даромадни реклама кўрсатиладиган оммавий каналлар эгалари билан бўлишишни бошлайди — Интерфакс.

Дуровнинг таъкидлашича, кўпчилик фойдаланувчилар янгиликни деярли сезмайди. Унинг тушунтиришича, биринчидан, Telegram чатлар рўйхати, шахсий суҳбатлар ёки гуруҳларда реклама кўрсатмайди. Реклама фақат йирик каналларга — реклама хизмати мавжуд бўлган каналларга таъсир қилади. Дуров рекламаларни кўрсатиш учун фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланилмаслигини ваъда қилмоқда.

«Telegram учун фойдаланувчи махфийлиги биринчи ўринда туради. Реклама хабарлари мазмуни фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига эмас, балки фақат улар кўрсатиладиган каналлар мавзуларига боғлиқ бўлади», — деб ёзди у.


Польша Европа Иттифоқи қонунларига амал қилмагани учун кунига 1 млн евродан жаримага тортилди

«Европа судининг буйруғига кўра, Польша Олий суд интизомий палатасининг юрисдикциясига тааллуқли миллий қонунчилигининг амал қилишини тўхтатиб қўйишдан бош тортгани учун ҳар куни 1 миллион евро миқдорида жарима тўлаши керак», — дейилади Европа судининг Twitter’даги саҳифасида.

Польша Конституциявий суди октябрь ойи бошида Европа Иттифоқининг бир қатор қонунлари ва Европа судларининг айрим қарорлари мамлакатнинг асосий қонунчилигига зид деб қарор қилган эди. Судьялар Польшанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши, Европа Иттифоқи органларига суд тизимида устунлик бермайди, деб эълон қилди.

Бундай қарор Европа Иттифоқининг қонун устуворлиги тамойилига зид келади. Бу тамойил Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ҳуқуқий нормалари Евроиттифоқ нормаларига зид бўлса, амалда қўлланилмаслиги кераклигини англатади.


Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги вазирининг ҳозирги ва собиқ ўринбосарлари ҳибсга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) ходимлари республика қишлоқ, сув хўжалиги ва минтақавий ривожланиш вазири ўринбосари Марсбек Илич ўғлини (ҳозирги), шунингдек, собиқ вазир ўринбосари Амангелди Исаевни қўлга олди. Иккаласи ҳам вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди, деб ёзади Коммерсантъ нашри.

Маълумотларга кўра, қўлга олинганлар айрим компаниялар билан тил бириктириб, мамлакатдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга тўсқинлик қилганликда гумон қилинмоқда. Tazabek агентлигининг аниқлик киритишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига етказиб берилиши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сентябрь ойида Қирғизистон собиқ бош вазири Жўмарт Оторбоев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат агентлиги комиссиясига босим ўтказганликда айбланиб ҳибсга олинганди. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Темир Сариев олтин конидаги коррупция иши бўйича қўлга олинган.


Эрон 2020 йилда 250 дан ортиқ одамни яширинча қатл қилгани айтилди

Эронда 2020 йилда яширинча 250 киши, жумладан, 4 нафар жиноятчи вояга етмаган бола қатл қилинган. 2021 йилда эса ҳозирга қадар 230 та қатл амалга оширилган бўлиб, тўққиз нафар аёл ва бир бола яширинча қатл этилган, дея таъкидлади БМТнинг Эрондаги инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил терговчиси.

Жаваид Реҳман БМТ Бош Ассамблеясининг инсон ҳуқуқлари қўмитасига Эрон ўлим жазосини «қўрқинчли даражада» қўллашда давом этаётганини ва қатллар бўйича расмий статистик маълумотларнинг йўқлигини таъкидлаган.

Халқаро Амнистия ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда Яқин Шарқдаги асосий қатллар кўрсаткичида 493 ҳолатнинг ярмидан кўпроғи Эронга тўғри келади, ундан кейинги ўринларда эса Миср, Ироқ ва Саудия Арабистони жойлашган — The Washington Post.