Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов.

Қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар ва режалар

Унинг сўзларига кўра, президент йиғилишнинг асосий қисмини ўтган беш йилда қишлоқ хўжалигида қилинган ишлар сарҳисобидан бошлади.

«Кластер тизимига ўтганимиз қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди. Жумладан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди, шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот — 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади», — деди давлат раҳбари.

«Пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача» бўлган занжирни яратиш бўйича 2 миллиард долларлик 125 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда 150 мингта доимий иш ўринлари ташкил қилинди.

Шунингдек, кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди, 143 минг гектар майдон фойдаланишга киритилди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорлик йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Кластерларнинг аксарияти жорий йилда пахтадан 35−40 центнергача ҳосил олди.

Ҳосилдорликни камида 2 баробарга кўтариш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга олиб чиқиш, қишлоқлардаги аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш пахтачиликдаги асосий режалар сифатида белгиланди.

Пахта ва тўқимачилик

Президент Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик йўналишида илгари сурган асосий ташаббуслар:

пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади;

кластерлар пахта етиштириш (пахта қийматининг 60 фоизи) учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан 24 ойга кредит ажратилиб, унинг имтиёзли даври 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади;

кластерларга пахта теримини (пахта қийматининг 20 фоизи) молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли — 10 фоиз ставкада кредит ажратилади;

пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади;

якуний ҳисоб-китоб учун (пахта қийматининг 20 фоизи) олинган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан (14 фоиз) ошган қисми Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек:

кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади;

кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади;

матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади;

бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4−5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади;

бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади,

мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

Бундан ташқари:

келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга, кредит олишда пахта хом-ашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади;

очиқ танлов асосида барча кластерлар билан 30 йил муддатгача алоҳида шартнома тузилади;

кластерларга ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари каби масалаларни мустақил ҳал қилиш ва уларни тўсиқсиз импорт қилишга рухсат берилади;

пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилади;

кластерлар фаолиятини тугатиш Республика комиссияси хулосаси асосида фақат суд тартибида ҳал қилинади.

Охирги масала Sulton Tex Group хусусий корхонаси марҳум бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг қарори билан «ноқонуний талабни бажармагани учун» пахта-тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқарилгач, долзарб масалага айланган эди.