Афғонистоннинг Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги Кобулда аҳолини буғдой эвазига иш билан таъминлаш бўйича умуммиллий меҳнат дастурини ишга туширди. Бу ҳақда TOLOnews нашри хабар қилди.

Маълум қилинишича, дастурнинг мақсади — мамлакатда озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш, қашшоқликни камайтириш ва аҳоли учун иш ўринларини яратишдан иборат.

Дастур доирасида ишчилар Кобул тепаликларида ариқлар қазиб, ёмғир суви беҳуда кетмаслиги, аксинча, айрим ҳудудлардаги ўтларни суғориб ўтиши ва шаҳарда сув тошқинларининг олди олинишини таъминлашлари кўзда тутилган.

Мазкур дастур асосида аҳолига иш ҳақи сифатида буғдой тарқатилиши айтилмоқда.

«Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг сўзларига кўра, дастур доирасида 40 мингдан ортиқ одам иш билан таъминланади ва келгуси икки ой ичида мазкур ташаббус бошқа вилоятларда ҳам жорий қилиниши режалаштирилган.

РИА нашрининг ёзишича, дастурнинг очилиш маросими 24 октябрь куни бўлиб ўтган. Тадбирда муваққат ҳукумат идоралари ва вазирликлари вакиллари иштирок этган.

Маълумотларга кўра, айни кунларда Афғонистонда беқарор сиёсий-иқтисодий вазият сабаб қарийб 23 миллион аҳоли озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Бу муаммони ҳал этишда асосан донор давлатлар ёрдамига таянилмоқда.

Хусусан, октябрь ойи бошидан бери Термиздаги логистика маркази Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 40 вагон маҳсулотларини юборди. 15−17 октябрь кунлари эса БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси томонидан Термиз халқаро аэропортига Афғонистон учун 100 тонна гуманитар юк олиб келинган эди. Юклар Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига «Термиз — Ҳайратон» чегара пункти орқали етказилди.