Молия вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Унга мувофиқ, кодекснинг 378-моддасида назарда тутилган солиқ солинмайдиган даромад турларига қўшимча равишда солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари ҳам киритилмоқда.

Қолаверса, ҳужжат билан Солиқ кодексининг 421 моддасига 5-банд қўшиш таклиф қилинмоқда. Унда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар мулкидаги мол-мулк солиқ солишдан озод этилиши қайд қилинган. Мазкур имтиёз етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлган йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган уй-жойлар бўйича улар 23 ёшга тўлгунига қадар амал қилади.

483-моддасида қайд этилган вақтинчалик солиқ имтиёзларига эса 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида қўлланилиши киритилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамалари 9 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида Шавкат Мирзиёев талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берган эди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги 129 та ОТМда 500 минг нафар талаба таҳсил олади, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмаган. Тошкентда 13 фоиз талабалар яшаш жойи билан қамраб олинган.

13 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари 1 майдан бошлаб талабаларга ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилишини таъкидлаган эди. Бунинг учун 100 млрд сўм ажратилиши айтилганди.

Кейинроқ талабаларга ижара тўловининг 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш тартибига оид президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 1 бараваридан, бошқа ҳудудларда 0,5 бараваридан ошмаслиги керак.

24 сентябрь куни Ҳукумат ижарада яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлади.