МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа сайлов натижаси эълон қилинишидан аввал билдирилган табриклар юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда у «Makon Media»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Биз — Марказий сайлов комиссияси ҳам ҳайрон қолдик бу хабарлар ҳали натижалар эълон қилинмасдан берилишига. Лекин, мен ўйлайманки биз бу саволни ўша мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларига беришимиз тўғри бўлади», — дейди у.

Шерзодхон Қудратхўжа «яхши хабар тез тарқалишини» айтиб ўтди.

«Шунинг учун ҳайратланмаса ҳам бўлади, менимча. Биз ҳамма номзодга тенг, холис муносабатдамиз. Ва мен бошқа кузатувчиларнинг бу гапини шарҳлай олмайман», — дея қўшимча қилди МСК аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий сайлов комиссияси президент сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилишдан аввал Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловидаги «ишончли ғалабаси» билан табриклаган эди.

Маълумот учун, ЎзЛиДеП номзоди, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев фоиз 80,1% овоз билан ғалаба қозонди.

Шунингдек, ХДП номзоди Мақсуда Ворисова 6,6%, «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодиров 5,5%, Экопартия номзоди Нарзулло Обломуродов 4,1% ва «Адолат» номзоди Баҳром Абдуҳалимов 3,4% овоз олишди.