Энергетика вазирлиги штаби томонидан 2021 йил октябрь ойининг ўтган 22 куни давомида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди.

Ўтказилган ўрганишлар давомида республика бўйича табиий газдан 228 та ҳолатда ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди.

«22 кун ичида 4 млн 278 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Бунинг натижасида, газ таъминоти ташкилотлари етказилган зарар миқдори 3 млрд 832 млн 900 минг сўмни ташкил қилган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 427 минг 830 та хонадоннинг 1 кунлик истеъмолини ташкил қилади.

Бошқача айтганда, бу Наманган ва Андижон вилоятларидаги жами аҳоли хонадонларининг бир кунлик истеъмоли дегани.

Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларига тўғри келади.

Аниқланган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.