YouTube Бразилия президентини бир ҳафтага янги видео жойлаштириш имкониятидан маҳрум қилди

YouTube видеохостинг хизмати Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг расмий каналини қисман тўсиб қўйди ва уни бир ҳафта давомида тармоққа янги видеолар жойлаштириш имкониятидан маҳрум қилди. Компания баёнотида таъкидланганидек, бу давлат раҳбари томонидан қоидаларнинг бир неча бор такроран бузилгани учун ушбу жазо қўлланган.

«Биз Жаир Болсонару каналидан вакциналар COVID-19 хавфини камайтирмаслиги ва бошқа юқумли касалликларга олиб келишига даъво қилувчи тиббий характердаги нотўғри маълумотларни тарқатиш бўйича қоидаларимизни бузгани учун видеони олиб ташладик», — дея иқтибос келтиради CNN Brasil.

«Биз контент яратувчиси ким бўлишидан ва унинг сиёсий қарашларидан қатъи назар, ўз сиёсатимизни изчил қўллаймиз», — дея қайд этди YouTube маъмурияти.

Ижтимоий тармоқлардаги ҳафталик жонли эфирларидан бирида Болсонару сайтлардан биридан иқтибос келтирди, унга кўра, Буюк Британияда коронавирусга қарши эмланган одамларга кейинчалик ОИТС ташхиси қўйилган, бу эса Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рад этилган. Болсонарунинг пости аллақачон Facebook’га тегишли платформалардан олиб ташланган.

Бу Бразилия раҳбарининг июль ойидан бери YouTube қоидаларини иккинчи марта бузиши ҳисобланади. Биринчи огоҳлантириш унга июль ойида ниқоб кийиш коронавирус инфекциясидан ҳимояланишга ёрдам бермаслиги ҳақидаги баёноти учун берилган эди. Бу сафар президент ҳафта давомида ўз каналида янги видеоларни чоп этиш имкониятидан маҳрум бўлди, эски ёзувлар эса ҳамон мавжуд. Келгуси 90 кун ичида яна қоидабузарлик аниқланса, сиёсатчининг канали сайт қоидаларига мувофиқ ўчириб ташланиши мумкин — ТАСС.


Қозоғистон афғон аёлларининг парвози учун гуманитар транзит йўлаги ажратади

Қозоғистон ҳукумати афғон аёлларига учинчи давлатларга парвоз қилиш учун Олмаота аэропорти орқали гуманитар транзит йўлаги ажратди. Бу ҳақда ТАСС нашри Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар берди.

«Қозоғистон Республикасининг гуманитар соҳадаги халқаро мажбуриятларига содиқлигидан келиб чиқиб, давлат раҳбари афғон аёллари — судьялар ва парламент аъзолари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун транзит йўлаги ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди», — дейилади хабарда.

17 октябрь куни Қозоғистон президентининг махсус вакили Ержан Казихон Кобулда «Толибон» муваққат ҳукумати вакиллари Абдул Ғани Барадар ва Амир Хон Муттаки билан музокаралар ўтказди. Музокорада Қозоғистоннинг афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиши, савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш масалалари муҳокама қилинди.


Жанубий Кореянинг собиқ президенти вафот этди

Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ро Дэ У 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги маълум қилди.

Ро Дэ E 1988 йил февралидан 1993 йил февралигача давлат раҳбари лавозимида ишлаган. У бу лавозимга Демократик либерал партиясидан номзод бўлган. Ро Дэ У мамлакатнинг беш йилга қайта сайланиш ҳуқуқисиз сайланган биринчи президенти бўлди. Унинг ҳокимиятдаги фаолияти 1988 йилда Сеулда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари, шунингдек, 1990 йилда СССР ва 1992 йилда Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши билан ажралиб турди — ТАСС.

1993 йилда, президентлик муддати тугагандан сўнг, Ро Дэ У коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинди ва кейинчалик 1980 йилги Кванжу қўзғолонини бостиришда қатнашгани учун ватанга хиёнатда айбланди. 1996 йил август ойида у 22 йилга озодликдан маҳрум этилди, аммо кейин суд жазони 17 йилга қисқартирди. 1997 йилда у президент Ким Де Чжун томонидан афв этилган.


Грецияда полиция анархист намойишчиларга қарши газдан фойдаланди

Афина марказида мажбурий ДНК намуналарига қарши анархистлар намойиш ўтказди, деб хабар берди Риа Новости. Полиция маълумотларига кўра, намойишда 150 га яқин одам қатнашган. Тартибсизликлар 2008 йил 6 декабрда полициячи томонидан отиб ўлдирилган 15 ёшли ўсмир Алексис Григоропулос хотирасига бағишланган оммавий юришлар якунида бўлиб ўтди. Намойишдан кейин бир гуруҳ номаълум шахслар ўт ўчиргичлари билан полицияга ҳужум қилган, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган.

Полиция беш кишини ҳибсга олди, уч полициячи яраланган. Греция расмийлари жиноят ва ҳуқуқбузарликларда гумон қилинган шахслардан генетик тестни мажбуран олиш ниятида. Анархистларнинг таъкидлашича, давлат механизми вакилларининг ДНКни мажбурий равишда олиши «ўта хавфлидир, чунки у жуда кўп одамларни қамраб олган кенгайтирилган генетик маълумотлар базасини яратади. Бу эса терроризмни кучайтиради ва воқеаларни қалбакилаштириш эҳтимоли ортади».

Умуман олганда, жума куни Афина ва Грециянинг бошқа шаҳарларида 11 йил аввал вафот этган 15 ёшли ўсмирни хотирлаш кунидаги намойишлар ва юришлар муносабати билан 4 мингга яқин полициячи хавфсизликни таъминламоқда. Греция Фуқароларни ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, кўчаларда тартибни сақлашга унинг барча бўлинмаларидан полиция ходимлари, жумладан, махсус кучлар ва аксилтеррор хизмати вакиллари жалб этилган. Давлат ва ҳукумат бинолари, элчихоналар, хорижий компанияларнинг ваколатхоналари кучайтирилган ҳимояга олинди.


Венесуэланинг собиқ бош прокурори Испаниядан сиёсий бошпана сўради

Венесуэланинг собиқ бош прокурори Луиса Ортега Диаз Испаниядан унга сиёсий бошпана беришни сўрамоқда. Бош прокурор 2017 йил август ойида Венесуэла Миллий таъсис ассамблеясининг биринчи сессиясида лавозимидан четлаштирилди, у бу қарордан бош тортди. Унинг уйи талон-тарож қилинди ва Олий суд судьяси эрини товламачиликда гумон қилиб, ҳибсга олишга қарор қилди. Тез орада Ортега ва унинг эри Венесуэлани тарк этади.

Ортега 2018 йилнинг ноябрида Колумбияда сиёсий қочқин мақомини олган эди. Кейинроқ у Халқаро жиноий судга Венесуэлада инсон ҳуқуқларининг «тизимли равишда бузилиши» далиллари билан мурожаат қилди. Шундан сўнг, хабарга кўра, унга янги таҳдидлар кела бошлаган, бу эса уни Испанияга кўчиб ўтишга ва бошпана излашга мажбур қилган. Ортега Диаз 2017 йилнинг августида расмий Каракас томонидан Интерпол қидирувига киритилган эди — Риа Новости.