Афғонистон пойтахти Кобулда бир неча аёллар яна бир бор ўзларининг ҳуқуқларини таъминишини талаб қилиб, намойиш ўтказди. Толиблар митингни тарқатиш учун куч ишлатди, деб хабар берди намойиш иштирокчилари РИА Новости`га.

Аёллар «БМТ сукунати — уят», «Аёллар — одам», «Биз очмиз» каби шиорлар билан чиқишган. Намойишчилардан бири Шиба Руфи РИА Новости`га телефон орқали «Толибон» намойишга чиқиш учун жуда чекланган вақт берганини, шундан сўнг улар оломонни куч ишлатиб тарқатишганини айтган.

«Намойиш аёллар ҳуқуқларини, айниқса, ҳукуматда ишлаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган эди. Биз ўз мақсадимизга эришмагунча, аёллар ҳуқуқлари учун курашамиз», — дейди Рут.

Ўзини Муска деб таништирган яна бир намойишчи кўплаб аёллар толиблардан қўрқиб, намойишга қўшилмаганини таъкидлади.

«Биз БМТни «Толибон»га аёллар ҳуқуқларини тан олиши учун босим ўтказишга чақирамиз», — деди у.

РИА Новости эслатиб ўтишига кўра, толиблар аввалроқ аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, лекин Ислом дини доирасида бўлишини ваъда қилган ва аёлларнинг ўз ишини бажариши учун тегишли қоидалар ишлаб чиқишга ваъда берган эди.

Аёллар олдинроқ ҳам Афғонистоннинг бир қанча шаҳарларида бир неча бор намойиш ўтказиб, янги ҳокимиятни ўз ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органларида вакиллигини таъминлашга чақирган эди.

«Толибон» мамлакатда ўз назоратини ўрнатган илк кунларда эндиликда аёлларга муносабат 1990 йиллардаги каби бўлмаслиги, аёллар ҳуқуқлари кафолатланиши, улар Ислом қонун-қоидалари асосида илм олишлари ва ишлашлари мумкинлигини маълум қилган эди.

Толиблар ўрта таълимдаги қизларнинг мактабга боришини чеклаганди. Кобулда давлат хизматида ишловчи аёлларга ишга чиқиш тақиқланиб, фақат айрим касб эгаларига ишлашга рухсат берилди. «Толибон» расмийлари бу ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» дея изоҳлаган.

Сўнг ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистонда аёлларнинг таълим олиши учун «шароит тайёрланаётгани» ва аёллар эркаклар билан бир хил фанларни ўқишини маълум қил. «Жинсига қараб алоҳида дастурлар бўлмайди ва дипломлар дунёда тан олинади», — деган эди у.

«Газета.uz» The Guardian нашрининг Кобулдаги вакилига таяниб, «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудлари ва чегараларида ўз назоратини ўрнатганлиги фонида Кобулдаги афғон аёли — талаба қизнинг кечинмалари ёритилган мақоласи таржимасини эълон қилган эди.