«Адолат» СДП томонидан 25 октябрь куни Фанлар академияси Шарқшунослик институтида президенти сайлови якунлари бўйича брифинг ўтказилди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар берди.

Брифингда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партиядан сайловда номзод сифатида иштирок этган Баҳром Абдуҳалимов баёнот берди.

Маълум қилинишича, президентлик сайлови янги Ўзбекистонга хос мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий муҳит, янги ижтимоий-иқтисодий шароитда, юксак ташкилий савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик норма ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди.

Қайд этилишича, сайловчилар томонидан давлат ва жамиятнинг барқарор ривожи, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича долзарб саволлар ўртага қўйилди.

Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, «ушбу президентлик сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. У тенглик, очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат руҳида кечди. Сайлов партия учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, электорати манфаатларини ифодалаш имконини берди».

Қўшимча қилинишича, республика бўйича барча сайлов участкаларида партиядан жами 11 мингдан ортиқ кузатувчи ва яна шунча ваколатли вакиллар овоз бериш жараёнларини кузатиб борди.

«Сайлов жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича партия марказий штабига ва ҳудудий штабларга ҳеч қандай шикоят ёки мурожаатлар келиб тушмади», — дейилади «Адолат» СДП хабарида.

Баҳром Абдуҳалимов «сайлов кампанияси даврида барча номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун яратиб берилган кенг имкониятлар ва тенг шароитлар учун» Марказий сайлов комиссиясига миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, кеча ХДПдан номзод Мақсуда Ворисова, «Миллий тикланиш»дан номзод Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади. Шунингдек, Экологик партия етакчиси Нарзулла Обломуродов партиядошларини «тарихий ғалаба» билан табриклади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев сайловда 80,1 фоиз овоз тўплади. Бошқа номзодлар қуйидаги овозларни тўплашди: ХДПдан номзод Мақсуд Варисова — 6,6%, «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров — 5,5% ва «Адолат» социал -демократик партияси раҳбари Баҳром Абдухалимов — 3,4%.