24 октябрь куни соат 20:00 да Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш расман якунланди. Шу вақтдан бошлаб сайлов участкаларида овозларни санаш жараёнлари бошланди. «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов Тошкентнинг Миробод туманидаги 83-мактабнинг 116-участкасида бўлди, у ерда «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод, ушбу партия етакчиси Алишер Қодиров овоз берди.

Сайлов участкасига Алишер Қодиров турмуш ўртоғи М.Қодирова билан келди, Daryo.uz`нинг маълумотларига кўра, у ушбу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.


Марҳабо Пирьязова (оқ қостюмда).

Соат 20:00 да участка сайлов комиссияси раиси Марҳабо Пирьязова участка ёпилишини эълон қилди. Партиянинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари иштирокида сайлов қутиси коридорга кўчирилиб, участка ходимлари ва кузатувчилар ўртасидаги бўшлиқ кичик панжара билан ўраб қўйилди.

Партия кузатувчилари ва ишончли вакиллари санаш жараёнига унчалик қизиқиш билдирмади. Уларнинг барчаси тўсиқ ортида эди — ҳеч ким ундан ўтиб, столда нима бўлаётганини кўришга ҳаракат қилмади.

Комиссия аъзолари сайлов бюллетенларини ҳар бир номзод учун алоҳида-алоҳида тахламга бўлиб тарқатди ва овозларни санаб, яроқсиз (бузилган) бюллетенларни четга суриб қўйди. Ушбу жараённинг ўрталарида тахламларнинг баландлиги бўйича, участкада ким ғолиб бўлганлиги аниқ бўлди.

Тахминан соат 20:45 да сайлов участкаси бошлиғи Марҳабо Пирьязова 116-сонли сайлов участкасида овоз бериш натижаларини эълон қилди. Баённома маълумотларига кўра, бу ерда сайловчиларнинг 96,2 фоизи (рўйхатга олинган 2661 нафар сайловчидан 2561 нафари) иштирок этди. 111 киши муддатидан олдин овоз берди. 113 та бюллетень ишлатилмай қолди, 9 таси бузилгани учун яроқсиз деб топилди.

Овозлар қуйидагича тақсимланди:

  • Шавкат Мирзиёев (ЎзЛиДеП) — 2254 (88,01%);
  • Алишер Қодиров (Миллий тикланиш) — 103 (4,02%);
  • Мақсуда Варисова (ХДП) — 84 (3,28%);
  • Баҳром Абдухалимов («Адолат») — 63 (2,46%);
  • Нарзулло Обломуродов (Экологик партия) — 48 (1,87%).

Натижалар эълон қилиниши натижалари бўйича томонларнинг ишончли вакиллари баённоманинг нусхаларини олишди ва участкани тарк этишди.

Якшанба куни соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайловида мамлакат ичидаги сайлов участкаларида 16 млн 36 минг 914 киши овоз берди, бу рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 80,8 фоизини ташкил қилади. Сайловнинг дастлабки натижалари 25-октябрь куни тахминан соат 16:00 да эълон қилинади.