Халқ демократик партияси раиси ўринбосари, партия номидан президентликка номзод бўлган Мақсуда Ворисова Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президентлигига бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев жуда катта фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилди. ХДПдан кўрсатилган номзод 6,6 фоиз билан 2-ўринни эгаллади. Биз буни халқимиз сиёсий иродасининг амалдаги ифодаси, деб биламиз ва сайлов натижаларини тўла-тўкис тан оламиз», — деди у партия ташкил этган брифингда.

Мақсуда Ворисова «халқнинг ушбу танловини ҳурмат қилишини ва қадрлашини» таъкидлади.

«Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилиб, эълон қилинган „Янги Ўзбекистон Стратегияси“ халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллади. Биз ҳам, ўз навбатида, сайланган президентга халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва юртимиз равнақига қаратилган улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишга ва тинимсиз ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз», — дея қўшимча қилди Мақсуда Ворисова.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1% фоиз овози билан иккинчи муддатга қайта сайланди.

Шунингдек, ХДП номзоди Мақсуда Ворисова 6,6%, «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодиров 5,5%, Экопартия номзоди Нарзулло Обломуродов 4,1% ва «Адолат» номзоди Баҳром Абдуҳалимов 3,4% овоз олишди.

Сентябрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон Стратегияси» номли китоби чоп этилгани ҳақида хабар берилган эди. Унда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни қуриш бўйича қилинаётган ишлар ва миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.

Август ойида ХДП партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумидан кейин бўлиб ўтган брифингда Мақсуда Варисова сайловда ғалаба қозонса, аввало ишсизлик ва бандлик соҳасида ислоҳотлар қилишини таъкидлаган эди. Унинг таъкидлашича, президентликка номзодлар орасида аёл кишининг бўлишига гендер тенглик тамойили сабаб эмас. «Халқ орасидан чиққан оддий бир она, оддий бир аёл бўлганим сабабли ҳам, халқимизни қийнаб турган муаммоларни қуйидан билганим учун ҳам мени танлашди, деб ўйлайман», — деган эди у.