Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сайловидаги ғалабаси билан бир қатор дунё давлатлари табриклади.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған телефон орқали мулоқотда «овоз бериш натижалари Ўзбекистон аҳолиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини кўрсатганини» алоҳида таъкидлади. Cуҳбат чоғида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий Кенгаш саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Элбоши куни кеча бўлиб ўтган умумхалқ сайловида эришган ғалабаси билан чин дилдан муборакбод этиб, «биродар ўзбек халқининг фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, мамлакатни модернизация қилиш ва унинг халқаро нуфузини юксалтиришга қаратилган самарали ислоҳот ва янгиланишлар давом эттирилиши тилади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан самимий қутлади. Мулоқот чоғида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилинди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалабага эришилгани билан табриклади.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклади. У вақтда Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинмаган эди.