World Prison Brief қамоқхоналардаги маҳкумлар сони бўйича мамлакатлар рейтинги эълон қилди.

Мазкур рейтингда Ўзбекистон қамоқхонадаги фуқаролар сони бўйича 62-ўринда. Рейтингга кўра, қамоқхоналарда 22 867 нафар ўзбекистонлик мавжуд.

Шунингдек, хорижлик экспертлар турли мамлакатларда ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган маҳкумлар сонини ҳам ҳисоблашди. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 223 давлат орасида 179-ўринни эгаллаган. Мамлакатда ҳар 100 минг кишига 68 нафар маҳкум тўғри келади.

Осиё мамлакатлари рейтингида Ўзбекистон 31 давлат ичида 27-ўринга лойиқ кўрилган. Дастлабки уч ўринни Туркманистон (100 минг кишига 576 маҳкум), Таиланд (445) ва Малдив (333) эгаллаган.

Рейтингда 1-ўринни АҚШ қўлга киритган. Қамоқхоналарда жами 2 млн 68 минг 800 нафар америкалик мавжуд. Шунингдек, АҚШда ҳар 100 минг кишининг 629 нафари маҳкум ҳисобланади.

Ҳудудида бирор маҳкум бўлмаган Сан-Марино эса 223-ўринни эгаллаган.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистонда диний ва сиёсий сабабларга кўра судланган 2000 нафардан зиёд маҳбус борлиги ҳақида ёзган эди. АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси маълумотларига кўра, бу собиқ иттифоқ республикаларидаги барча диний маҳбуслар йиғиндисидан кўра кўпроқ ва дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Комиссия Ўзбекистон ютуқларини қайд этди, лекин ушбу соҳа жиддий ислоҳотга муҳтож деб ҳисоблайди.