Президентликка қайта сайланган Шавкат Мирзиёев унга ишонч билдирган фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

«Албатта, ҳар бир инсоннинг ҳаётида мана шундай синовли ва ҳаяжонли дамлар бўлса, ҳозирги дақиқалардаги ҳолатимни сизларга етказиб беролмайман. Сизлар мени қўллаб-қувватлаганингиз, жонажон халқим менга ишонч билдиргани учун таъзим қилиб, раҳмат демоқчиман», — деди у.

«Халқимизнинг 80 фоиздан кўпроқ қисми сайловда иштирок этгани, янги Ўзбекистондаги эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Қайта сайланган президент фурсатдан фойдаланиб, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, округ, участка комиссия аъзоларига миннатдорчилик изҳор қилди. Шунингдек, у охирги бир ярим ойда сайлов жараёнларини фаоллик билан ёритган барча ОАВ ходимларига алоҳида раҳмат айтди.

Эслатиб ўтамиз, ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1% овози билан президентликка қайта сайланди.